Ичан қалъада XIX асрга оид оқова сув қудуғи топилди
Хоразм вилояти Хива шаҳридаги Ичан қалъадан XIX аср Хива хонлиги даврига оид оқова сув қудуғи топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қўнғиротлар даврига оид қудуқ музей қўриқхона ҳудудининг марказида, Матпанобой мадрасасининг шимоли-шарқий бурчагида жойлашган. Қудуқнинг диаметри 190 сантиметр бўлиб, чуқурлиги сақланиб қолган жойигача 195 сантиметрни ташкил қилади.

Шунингдек, қудуқ пастдан юқорига томон торайиб, юқори қисми гумбазсимон кўринишда ёпиб қўйилган. Қудуқнинг энг юқори қисмида ғарб томондан ичи яшил тусдаги бўёқ билан сирланган сопол қувурлар тармоғи келиб уланган. Қудуқ деворлари анча яхши сақланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда янги археологик ёдгорлик топилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қорақалпоғистондаги «Катта қирққиз қалъа»да археологик ёдгорлик топилгани маълум қилинган эди.