АОКАда 9 июль, жума куни Коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтиришга қаратилган Президент фармони ва қарори мазмун-моҳияти юзасидан бўлиб ўткан матбуот анжуманида адлия вазири Руслан Давлетов Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Руслан Давлетовга кўра, Шавкат Мирзиёев 6 июль куни имзолаган «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон бўйича коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Шунингдек, мазкур жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхати белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш (20 йилдан 25 йилгача) жазо чорасигача кескин кучайтириш кўзда тутилган.

«Бундан ташқари, Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилиши белгиланиб, унга киритилган шахсларга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилади. Бундай шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши, мукофотлар билан тақдирланиши, назорат остида бўлган корхоналар акцияларига эгалик қилиши тақиқланади. 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилмоқда. Мол-мулкнинг келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш шарти фақат 2022 йил 1 январдан сўнг орттирилган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилади», — деди вазир.

У, шулар билан бир қаторда, декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва нотўғри маълумот киритиш давлат хизматидан бўшатиш ва жавобгарликка тортишга асос бўлишини айтди. Давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланишини маълум қилди. 

«Давлат хизматчиларини коррупцияга қарши ўқитишнинг ‘ҳалоллик вакцинаси’га асосланган тизими жорий этилади. Ходимлар ҳар 3 йилда қайта ўқитилади. 2021 йил 1 октябргача электрон ўқув платформа ишга туширилади. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 44 та чора-тадбирдан иборат 2021–2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланяпти», — деди Давлетов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятларни содир этганларнинг очиқ электрон реестри юритилиши ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича революцион ҳужжатлар тайёрланиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш тартиби белгилангани хабар қилинган.