АОКАда 10 июль, шанба куни янги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида адлия вазири Руслан Давлетов давлат динда белгиланган ҳар бир талабни тан олиб, уни амалга ошириш кафолатини бермагани ҳақида гапирди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Шавкат Мирзиёев 5 июль куни «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ушбу қонунда дин ва давлат билан боғлиқ бир қатор ўзгаришлар киритилган бўлиб, хусусан, Ўзбекистонда жамоат жойида ҳижобда юришга қўйилган тақиқ олиб ташланди. Шундан сўнг, табиийки, аҳоли орасида мактабларда ҳижобда юриш, соқол қўйишга рухсат бериладими, қабилидаги саволлар пайдо бўлди. Бу борада Халқ таълими вазирлиги маълумот бериб, ўқувчиларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида кийиниш маданияти билан боғлиқ нормалар амалдаги таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб берилганини эслатиб ўтди. Хусусан, вазирлик Ўзбекистонда таълим тизими диндан ажратилганини қайд этди.

Адлия вазири матбуот анжуманида ушбу ҳолатга изоҳ бериб, давлат динда белгиланган ҳар бир талабни тан олиб, уни амалга ошириш кафолатини бермаганини қайд этди.

Фото: «Bugun.uz»

«Таълим тўғрисидаги қонунда дин таълимдан ажратилгани, таълим дунёвийлиги ёзиб қўйилган. Шунинг учун ҳам таълим муассасаларида маълум чекловлар белгиланган. Бу чекловлар қонунийми, деган кўп саволлар келиб чиқади, кимдир бу ҳолат Конституциядаги 31-моддага зид эканлигини гапиради. Ҳуқуқшунос сифатида шуни айтаманки, 31-моддада виждон эркинлиги кафолатланади, дейилган. Виждон эркинлиги нима ўзи? Бу — сизнинг фуқаро сифатида у ёки бу динга эътиқод қилишингиз ёки умуман ҳеч қанақа динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқингиз. Модданинг асосий мазмун-моҳияти ҳам шундан иборат.

Динда белгиланган ҳар бир талабни тан олиб, эртага амалий руёбга чиқаришга кафолат берамиз, деган нарса йўқ у ерда. Давлат эътиқод ҳуқуқини қилиб беряпти, чунки сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакни кўрадиган бўлсангиз, унда ҳам диний ҳуқуқлар чекланиши мумкин, дейилган. Унинг асослари келтирилган», — деди вазир.

Шунингдек, вазир қайси ҳолатларда давлат диний ҳуқуқларга чекловларни қўйиши мумкинлигига мисол келтириб, Конституциянинг 18-моддасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тартибни, соғлиқ ва ахлоқни, шунингдек, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган диний эътиқоднинг ичидаги амалларга чекловлар қўйилиши мумкинлиги ёзилганини айтди. 

«Бугунги кунда давлат динда белгиланган кўп нарсаларни тан олмайди. Динда кўп хотинликка рухсат берилган, лекин давлат буни тан олмайди. Ўзбекистон қонуни бўйича бу мумкин эмас. Шариятда жуда кўп нормалар — ҳуқуқ, суд процесслари, аёллар билан боғлиқ бўлган нормалар бор. Лекин давлат буларни тан олмайди-ку. Биз бу ерда ўз шахсий қарашларимизни эмас, нейтрал давлат хизматчиси сифатида ҳуқуқий гапиряпмиз. Бизнинг гапларимизни тан олмасангиз ҳам, лекин давлат қонунини тан олишингиз керак. Худди 31-моддага ўхшаган модда бошқа давлатларда ҳам бор. Ҳамма ерда, асосан, бир хил назоратга олиш тизими ёзилган. 

Фото: «Bugun.uz»

Европа инсон ҳуқуқлари бўйича суди бор. Жуда юқори стандартда ишлайди. У ердаги коммисиянинг виждон эркинлиги билан боғлиқ бўлган 8-моддаси бор. У ерда ҳам ички қоидалар, таълим муассасаларида ҳижобни кийиб юришга бўлган чекловлар бўйича жуда кўп суд процесслари тарихда ҳам бўлган ва ҳозир ҳам бўляпти. Шулар натижасида суд давлатда мана шундай ҳуқуқ борлигини тан олган. Бошқа инсонларнинг ҳуқуқини таъминлаш, бир хил ёндашув, ҳамма бир хил формада келиши учун, тенглик бўлиши учун ҳуқуқий нуқтаи назардан мана шундай асосланади», — деди Руслан Давлетов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда диний ташкилотларга мансабдор устидан судга мурожаат қилишда енгиллик берилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Диний қўмита айрим масалалар юзасидан асоссиз танқидлар бўлаётганини маълум қилганди.