Тошкентда ички ишлар ходими хизмат машинасида ЙТҲга учради — видео
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 11 июль куни Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси патруль-пост хизмати ходими хизмати машинасида ЙТҲга учарагани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИББ ахборот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Хабарга кўра, ҳолат 11 июль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ патруль-пост хизмати ходими Асан Ўтаров хизматдоши сафдор Жаҳонгир Зокиров билан «Nexia-2» русумли патруль автомобилида хизмат олиб бораётган вақтда содир бўлган. Бунёдкор шох кўчасида «Эркин» ЙПХ постидан пойтахт автовокзали томонга ҳаракатланиб кетаётган вақтида, олдинда ҳаракатланиб кетаётган ва тўсатдан тўхтаган Э.Х. бошқарувидаги «Nexia-1» билан тўқнашиб кетган
Маълум қилинишича, пиёда ўрнатилган қоидаларга риоя этмасдан автомобилнинг олдидан чиқиб қолган ва автомобиль тезкорлик билан тўхташга мажбур бўлган. Бу эса ЙТҲга олиб келган.
Қайд этилишича, тўқнашув оқибатида ҳеч ким жароҳатланмагани, автомашиналар жиддий шикастланмагани ва тарафлар ўзаро келишиб олгани сабабли йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида ЙПХ инспекторига хабар берилиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилгандан сўнг ўз йўналишида ҳаракатни давом эттирган. Мазкур ҳолат шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда хизмат машинасида қоидани бузган ички ишлар ходимига чора кўрилгани маълум қилинган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида хизмат машинасида қоида бузган ички ишлар ходимига тегишли тартибда маъмурий баённома тузилиб, тегишли чора кўрилгани хабар қилинган.