Янгиликлар - 15:55 · 11.07.2021

Тошкентдан Бухорога қатнайдиган «Афросиёб» поездининг ҳаракати 1 кунга ўзгаради

Тошкент–Бухоро йўналишида қатновини амалга оширадиган 762-сонли «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи поездининг ҳаракат жадвалида бир марталик ўзгариш бўлади. Бу ҳақда «Тошкент минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «turi-uzbekistan»

Маълум бўлишича, Навоий–Бухоро йўналишидаги темир йўлда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши муносабати билан 13 июль куни соат 7:28 да Тошкент–Бухоро йўналишида қатновини амалга оширадиган «Афросиёб» поездининг ҳаракат жадвалида бир марталик ўзгариш бўлади. Мазкур поезд шу куни Тошкент–Навоий йўналишида ҳаракатини амалга оширади.

Қайд этилишича, йўловчилар Навоийдан Бухорогача «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан ташкил қилинадиган махсус автобусларда олиб борилади. Шунингдек, 13 июль куни Бухоро–Тошкент йўналишида қатновини амалга оширадиган 761-сонли «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи поезди ўз вақтида ҳаракатини амалга ошириши айтилган. Бошқа поездлар ҳаракат жадвалида ҳам ўзгариш бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдан Бухорога қатнайдиган «Афросиёб» поездининг ҳаракати темир йўлда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши муносабати билан 1 кунга ўзгариши хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда «Афросиёб» электропоездлари сони кўпайиши маълум қилинган.

Bugun — LIVE