Янгиликлар - 10:46 · 11.07.2021

Туркманистон президенти ўғлини 2 та янги лавозимга тайинлади

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сердар Бердимуҳамедовни Вазирлар маҳкамаси раисининг иқтисодий, банк ва халқаро молия ташкилотлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлади. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Туркманистон президенти ахборот хизмати

Бундан ташқари, Сердар Бердимуҳамедов Туркманистоннинг МДҲ Иқтисодий кенгашидаги янги вакили бўлди. Президент ўғлига, авваламбор, Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосарлари билан биргаликда вазирликлар ва тармоқ идоралари томонидан қабул қилинган дастурларнинг бажарилиши бўйича 2022 йилда давлат бюджети лойиҳаси бўйича йиғилиш ўтказишни, 2022 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини диққат билан кўриб чиқиш, тайёрлаш ва тасдиқлашни буюрди.

Шунингдек, Сердар Бердимуҳамедовга дунёдаги мавжуд оғир вазиятнинг ички иқтисодиётга таъсирини синчковлик билан таҳлил қилиш, тармоқларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун зарур чоралар кўришни давом эттиришни топширди. Ҳамда ўғлининг ишларида муваффақият тилади.

Маълумот учун, Сердар Бердимуҳамедов 39 ёшда. Президент ўғлининг сиёсий фаолияти 2016 йил охирида, парламент аъзоси этиб сайлангандан бошланган. Кейин у Ахал вилоятининг ҳокими бўлиб ишлаган, 2020 йил бошида Туркманистон саноат ва ишлаб чиқариш вазири этиб тайинланган ва бир йилдан сўнг мамлакат бош вазирининг ўринбосари бўлиб, ижтимоий соҳа ишларини назорат қилган.

Аввалроқ Туркманистон президенти ўғлига ўз отини совға қилган тасвири эълон қилинганди. Шунингдек, Гурбангули Бердимуҳамедов «Туркманистон от устаси мураббийи» унвонига сазовор бўлганди. Ҳамда давлат раҳбари ўғли Сердарни «Халқ итбоқари» фахрий унвони билан тақдирлаганди.

Bugun — LIVE