12:12 | 12.07.21 119

Ҳиндистонда селфи тушаётган 20 га яқин кишини чақмоқ урди — видео

Уларнинг барчаси воқеа жойида ҳалок бўлган

Ҳиндистоннинг Ражастхан штатида 11 июль куни чақмоқ уриши оқибатида 20 га яқин киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Outlook India» хабар берди.

Фото: «APN News»

Маълум қилинишича, табиий офат штатнинг Жаипур, Кота, Жхалавар ва Дҳолпур округларида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар дастлаб, 11 кишини ташкил этган, аммо уларнинг сони 18 тага етган. Улар сайёҳларнинг диққатга сазовор жойи бўлган Амбер қалъасининг қўриқчи минораси тепасида ёмғир остида суратга тушаётган бўлган.

Таъкидланишича, 21 киши, шу жумладан, олтита бола штатнинг алоҳида қишлоқларида чақмоқ оқибатида жароҳат олган. Бошқа манбаларда эса жароҳатланганлар сони 27 киши экани ва улар минора тепасидан сакраётганда лат егани айтилган.

Маълумот учун, Ҳиндистонда 2004 йилдан буён тахминан 2000 киши чақмоқ чақиши оқибатида ҳалок бўлган.

Аввалроқ Ҳиндистонда яна бир хавфли хасталик тарқалганди. Шунингдек, Ҳиндистонда «қора моғор» билан касалланиш 40 мингдан ошиб кетганди.