Қозоғистонда ҳам сабзи ҳамда картошка нархи кескин ошгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Tengrinews»

Маълум қилинишича, мамлакат ҳудудларида июнь ойида картошканинг нархи килограмми учун 500 тенгегача (тахминан 13 минг сўм) кўтарилган. Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Сапархон Омаров бозорларда «мавсумий ҳолат» кузатилаётганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, мамлакатнинг савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов Қозоғистонда картошка ва сабзи нархи кузга қадар пасайишини очиқлаган.

«Айни пайтда мамлакатимизда сабзи билан нима юз бераётган бўлса, худди шу муаммо қўшни Ўзбекистонда ҳам содир бўлганди. Ҳудудларда кузатилаётган нарх кўтарилиши эса импорт сабаб юзага келди. Картошка нархи аллақачон тушишни бошлаган. Кузда унинг янада арзонлашишини кутмоқдамиз. Сабзи билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай бўлади», — таъкидлаган Султонов.

Аввалроқ Россияда сабзи нархи кескин кўтарилгани маълум бўлган. Шунингдек, Ўзбекистонда сабзи нархи қимматлашганига изоҳ берилиб, унинг нархи қачон арзонлашиши маълум қилинганди.