Тошкент шаҳрининг 11 та туманида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар учун махсус поликлиникалар ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлига матбуот котиби хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, поликлиникалар коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, зарур лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказиш ва амбулатор даволашни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган диспансерлар биносида фаолият бошлаган мазкур поликлиникалар аҳолига куну тун хизмат кўрсатиши белгиланган бўлиб, ҳар бир марказга 3 тадан тиббий бригада бириктирилган ва улар таркибидан 2 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ўрта тиббиёт ходими ўрин олган.
 
Шунингдек, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар билан таъминланган.

Таъкидланишича, махсус поликлиникага мурожаат қилган беморлар учун махсус карта юритилиб, унда фуқаронинг динамик ҳолати, текширув ва даволаш натижалари қайд этиб борилади.

Мурожаат қилганлар орасида коронавирус инфекцияси тасдиқланмаган беморлар бўлса, улардан керакли таҳлиллар олиниб, ҳудудий санитария хизмати лабораторияларига етказилади. Шу билан бирга, беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволаниши учун зарур тавсиялар берилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зангиотадаги коронавирус марказлари беморлар билан тўлгани маълум қилинган. Шунингдек, Тошкентда коронавирусга қарши қўшимча эмлаш пунктлари ташкил этилгани хабар қилинган.