Қонунчилик палатасининг 15 июль куни бўлиб ўтадиган ялпи мажлисида аҳолининг қатор қатламларини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тавсия этилади. Бу ҳақда қуйи палата спикери Нуриддин Исмоилов хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси таклифига асосан аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

«Албатта, бугун Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз нуқтаи назарларини билдириши керак. Ялпи мажлисда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг ахбороти эшитилади.

Маълумки, Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланишни камайтириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Лекин коронавирус инфекцияси охирги вақтларда бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг тарқала бошлагани хавотирга сабаб бўлмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам коронавирус аҳоли ўртасида жуда тез тарқалмоқда. Бунга оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган кунлик касалланишлар ва вафот этаётганлар ҳақидаги хабарлар яққол мисолдир. Шу сабабли барча чоралар билан бир қаторда энг самарали тадбирлардан бири бўлган эмлаш ишларини мумкин қадар тезлаштириш ва жадаллаштириш лозим. Зеро, эмлаш касалланишнинг камайишига ва осон кечишига кафолат беришини тиббиёт соҳаси олимлари эътироф этмоқдалар.

Ялпи мажлис давомида, албатта, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва агентлик раҳбарларига депутатларнинг жиддий эътирози ва кўплаб саволлари бўлади, эмлаш жараёнлари суст олиб борилаётган соҳаларни танқид остига оламиз. Биз, Қонунчилик палатаси қарорида Ҳукуматга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идораларга, айниқса, коронавирусга қарши кураш бўйича Республика комиссиясига бир қатор тавсияларни берамиз.

Жумладан, аҳолининг бир қатор қатламларига коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш ўтказиш лозимлигини тавсия қилмоқчимиз. Эмлашнинг аҳамияти ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кўчайтириш, шунингдек, иш берувчиларни ушбу соҳадаги масъулиятини жиддий равишда ошириш лозим», — деб ёзади Қонунчилик палатаси спикери.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков мажбурий эмлаш ғояси тўғри эканлигини айтиб, бу борада Россия тажрибасини ўрганишни таклиф қилганди. «Чунки биз ўзимизни эмлаш орқали ҳимоя қиламиз. Эмланиш орқали биз нафақат ўзимизни, балки атрофимизни ҳам касалликдан ҳимоя қиламиз», — деган СЭОМ раҳбари ўринбосари.