Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан маҳкаманинг фаолиятига қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Фото: «norma.uz»

Маълум бўлишича, ҳужжат Президентнинг «Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Таъкидланишича, бош вазир маслаҳатчиси бир пайтнинг ўзида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритилди. Хусусан, унинг фаолиятининг асосий йўналишлари жумласига қуйидагилар киритилди:

  • Президентнинг фармони ва қарорига мувофиқ қонунлар, ҳужжатлар ва топшириқлар, маҳкама қарорларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши таъминлаш;
  • Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ижро интизомига риоя этилишини таъминлаш.

Шунингдек, бош вазир маслаҳатчисига қонунлар, Президент ҳужжатлари ва топшириқлари, қарорларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши ҳамда ижро интизомига риоя этилишини таъминлаш юзасидан жавобгарлик юклатилган.

Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти тузилмасига макроиқтисодий, солиқ сиёсати, молия бозори, ташқи ва ўзаро савдо статистикаси соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича бош мутахассис лавозими киритилди. Унинг тузилмасидан ташқи ва ўзаро савдо статистикаси масалалари бўйича бош мутахассис лавозими чиқариб ташланди.

Аввалроқ Ўзбекистонда амалдаги Меҳнат кодексига ўзгартириш киритилиши хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йил учун давлат бюджетига ўзгартиришлар киритилгани маълум қилинган.