Ўзбекистонда аҳоли сони ҳақидаги аниқ статистик маълумотни биласизми? Биз ҳозир сизга тақдим этадиган сонларда фалон мингга яқин ёки фалон мингдан зиёд деган сўзга ўрин йўқ. Бугун аниғини ёзамиз. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда 34 860 170 киши истиқомат қилади. Рейтинг тузилаётган фурсатдан то у тақдим этиладиган вақтгача ҳам кўплаб чақалоқлар дунёга келишини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич бир неча юз кишига ўзгариб қолса керак. Хуллас, салкам 35 миллион бўлиб қолибмиз.

Ўзбекистонда аҳолининг ярмидан кўпи шаҳарларда яшайди. Хабарингиз бор, аҳолиси 7 минг кишидан ошадиган ва мазкур аҳолининг учдан икки қисми ишчи ва хизматчилардан иборат бўлган маъмурий бирликка шаҳар мақоми берилади. Келинг, бугун сиз билан мамлакатнинг энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарлари ўнталик рейтингини кўриб чиқамиз.

Рейтингга Республикага бўйсинувчи саноқли — икки шаҳардан бири Тошкентни киритмадик. Шаҳарда бугунги кунда 2 737 171 киши истиқомат қилар экан. 1989 йилда Тошкентда 2 079 000 киши истиқомат қилган.

Демак, бизда биринчи ўрин — Наманган шаҳри. Наманган шаҳрида бугун 651 929 киши яшайди. Яна бир қизиқ маълумот — шаҳарга 1610 йилда асос солинган. Майдони 83,3 километр/квадрат.

Фото: «Araratour»

Иккинчи ўринда Самарқанд шаҳри. Бугунга келиб 557 151 киши истиқомат қиладиган бу шаҳар қадимий ва бой тарихи билан оламга машҳур. Майдони 120 километр/квадрат. Самарқанд шаҳри 1925–1930 йилларда республика пойтахти бўлган. Тарихан Самарқанд шаҳри Мароқанд номи билан таниқли бўлган. Самарқандда 73 та йирик тарихий меъморий ёдгорлик мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари 2001 йилда ЮНEСКОнинг Финляндияда ўтказилган 25-сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Фото: «Wikipedia»

Учинчи ўрин 453 822 киши яшайдиган Андижон шаҳри. Майдони 74,3 километр/квадрат бўлган мазкур маъмурий-ҳудудий бирлик тарихи VI–VIII асрларга бориб тақалиши ҳақидаги далиллар мавжуд. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома»сида Андижонни шундай таърифлайди: «Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас… Андижон ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) қўрғонидин сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтур. Уч дарвозаси бор… Тўққиз тарнов сув кирар. Бу ажабдурким бир ердан ҳам чиқмас… Эли туркдур».

Фото: «People Travels»

Тўртинчи ўрин — Нукус шаҳри. Нукусда 326 125 киши яшайди. Майдони 200 километр/квадрат. Нукус Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти саналади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси ва шаҳарнинг 70 йиллиги муносабати билан Нукус 2003 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

Фото: «Backpack Adventures»

Бешинчи ўрин — Фарғона шаҳри. Аҳолиси 296 036 киши. 100,3 километр/квадрат ҳудудни ўз ичига олади. Шаҳар 1907 йилгача Янги Марғилон, 1907–1924 йилларда Скобелев номи билан аталган. Фарғона Марказий Осиёдаги энг яшил шаҳарлардан бири бўлиб, чинорлар шаҳарнинг рамзи ҳисобланар эди. Аммо шаҳарда амалга оширилган кенг ободонлашитириш ишлари пайтида чинорлар эзгу мақсадлар йўлида кесилиб, мебель цехларига топширилган. Бундан мақсад эса аҳолига сифатли мебель етказиб бериш бўлган.

Фото: «Adventure»

Олтинчи ўрин — Бухоро. 282 549 киши яшайдиган мазкур шаҳар Ўзбекистоннинг энг кўп туристлар ташриф буюрадиган ва қадимий шаҳарларидан яна биридир. Шаҳар 143.0 километр/квадрат майдонни ўз ичига олади. Шаҳарнинг илк тарихи милоддан аввалги VI асрларга бориб тақалади. Шаҳарда 100дан ортиқ тарихий меъморий ёдгорликлар мавжуд.

Фото: «Eurasia Travels»

Еттинчи ўрин — Қарши шаҳри. Қаршида бугунги кунда 280 640 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бир пайтлар Нахшаб, Навтака, Насаф, Беҳбудий номлари билан ҳам аталган шаҳар тарихи тахминан милоддан аввалги IV асрларга бориб тақалади. (Нақадар нодир тарихий шаҳарларимиз бор-а!) Қаршида жойлашган 28 археология ва 25 архитектура ёдгорликлари, 6 монументал санъат ёдгорликлари ва 1та диққатга сазовор жой «Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари» миллий рўйхатига киритилган.

Фото: «Dolores Travel»

Саккизинчи ўрин — Қўқон шаҳри. Шаҳар аҳолиси сони 258 040 киши. Шаҳар ўз вақтида Қўқон хонлигининг пойтахти вазифасини бажарган. Шаҳар 2 минг ёшдан ошган дея баҳолашлари уни Ўзбекистоннинг яна бир ажралмас тарихи эканлигини тасдиқлайди. 40 километр/квадрат майдонни ўз ичига олувчи шаҳарнинг «Гуйшан», «Хўхан» каби номлари ҳам бўлган.

Фото: «Britannica»

Тўққизинчи ўрин — Марғилон шаҳри. Мазкур шаҳар рейтингимиздан ўрин олган Фарғона вилоятида жойлашган учинчи маъмурий-ҳудудий бирлик бўлиб, унда 240 579 киши яшайди. 2007 йил ЮНEСКО қарорига биноан шаҳрнинг 2000 йиллик тантаналари ўтказилган. Маълумот ўрнида, ўзбекнинг севимли ҳофизи Маъмуржон Узоқов айнан Марғилон фарзандидир.

Фото: «Uzbekistan Travel»

Ўнинчи ўрин — Ангрен шаҳри. Шаҳарда 192 985 киши истиқомат қилади. Шаҳарга 1942 йилда асос солинган. Шаҳар номи Оҳангарон (форсча «темирчилар») сўзининг русча бузилиши натижасида келиб чиққан.

Фото: «My Tashkent»

Ўзбекистонда бугунги кунда 119 та шаҳар мавжуд бўлиб, улардаги аҳоли сони жадаллик билан ўсмоқда. Бизда ҳозирча шулар. Янаги сафар рейтинглашгунча деб қоламиз