Ўзбекистонда фуқароларни мажбурий тарзда эмлаш мумкин эмас. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдин Исмоилов маълумот берди.

Foto: Telegram/ @nurdinjonismoilov

Хабар берилишича, қуйи палатанинг аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш доирасида амалга оширилаётган ишларга доир ялпи мажлиси бўлиб ўтган. Унда айтилишича, айрим депутатлар эмлаш жараёнини «мажбурий тартибда» амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Нурдин Исмоилов бу таклифга салбий баҳо берган ва мажбурий эмлаш мавжуд қонунларга зид эканини айтган.

«Айни пайтда мамлакатимизда амалда бўлган ‘Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида’ги Қонунда фуқаронинг ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шарти эканлиги белгилаб қўйилмаган. Шунингдек, фуқаро ва унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга деган талаб қатъий мустаҳкамлаб қўйилган. Худди шу каби нормалар бошқа бир қатор қонунларда ҳам мавжудлиги эмлаш тадбирларини мажбурий тарзда амалга ошириш мумкин эмаслигини кўрсатади», дея таъкидлаган у.

Бундан ташқари, у эмлаш жараёнини амалга ошириш учун бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларга белгиланган тартибда ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш талаб этилишини ҳам билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурмат Отабековнинг мажбурий эмлаш тўғри ғоя эканини айтгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Алишер Қодиров ҳукуматга эмланмаганларнинг эркини чеклашни таклиф қилгани маълум қилинган.