Фарғона вилоятида коронавирус билан касалланган ҳомиладор, туғруқдаги ва туққан аёлларга, шунингдек, чақалоқларга малакали ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни марказлаштириш мақсадида 100 ўринли махсус туғруқ комплекси ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ССБ ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, марказни ташкил этишга вилоятда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортаётгани сабаб бўлган. Бу бўйича Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2021 йил 13 июлдаги буйруғи қабул қилинган.

Таъкидланишича, марказ Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ мажмуасида ташкил этилган. Комплекс керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланган ҳолда иш фаолиятини бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётган 13 нафар ҳомиладор аёл фарзандли бўлгани ҳақида хабар берилган.