Тошкент вилояти ИИББ Мурод Хонтўраевнинг ЙТҲда ҳалок бўлиши бўйича муносабат билдирди
Бошқарма ахборот хизмати раҳбари Bugun.uz’га автоҳалокат тафсилотларини маълум қилди
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраевнинг йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлишига оид дастлабки маълумотларни «Bugun.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, ичида Хонтўраев бўлган «BMW» машинаси олдинда кетаётган «Lacetti»дан йўл сўраган. «Lacetti» йўлни бўшатишга улгурмасдан, нариги машина олдинга ўтмоқчи бўлган, бампернинг бир чеккаси тегиб кетиши оқибатида бошқарув йўқотилган. Шундан сўнг машина бурилиб кетиб, ағдарилган.
«Ҳозир воқеа жойида чизиб, ўрганишяпти. Ҳозирча атрофдагиларнинг кўргани бўйича ‘BMW’ чироқ ёқиб-ўчириб, йўл сўраган. Энди бу ўрганиб чиқишдан кейин аниқ бўлади», — дейди Бобур Тўлаганов.
Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳам ушбу автоҳалокат тафсилотларини маълум қилди. Унга кўра, 19 июль куни соат 11:30 да Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «Lacetti» ҳамда «BMW Х5» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида «BMW» йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.
Оқибатда «BMW Х5» русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган М.Х. воқеа жойида ҳалок бўлган ва ушбу автомобиль йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган. Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев «BMW X5» машинасида 19 июль, душанба куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида автоҳалокатга учраб, вафот этганди. «Bugun.uz» манбаси ушбу маълумотни тасдиқлаган.