«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров 22 июль куни Telegram каналида ижтимоий тармоқларда НАҲ вируси юқтирганлар кўпайиб бораётганини ёзиб, пост қолдирди.

Фото: Telegram/ @alisher_qodirov

Қодировнинг тушунтиришича, нафрат, адоват ва ҳасад (НАҲ) комбинациясидаги вирус инсон қалби ва юзини қорайтириб, шахснинг ўзига ишончини заифлаштириб, ҳатто ўз номини ҳам унуттириб юборади.

«Хасталанганларни ижтимоий тармоқлардаги изоҳларидан билиб олиш мумкин: нафрат, адоват ва ҳақорат бақириб туради. Бу вирусни фикрлар эмас, номлар жазавага келтириши айтилмоқда.

Вакцина топилгунча хасталикни авж олдирмаслик учун уларни ўқимаслик, улар билан мулоқотни тўхтатиш ва яккалаб туриш тавсия қилинмоқда. Ҳали вирусни юқтирмаган негативчиларга. Ҳеч ким мукаммал эмас, хато сўз, хато фикр, хато хулоса.

Ҳеч ким хатодан кафолатланмаган. Фикрни хато ёки тўғри эканлигини таҳлиллар, муқобил фикр, тўғри танқид ва муносабатларда аниқлаш мумкин. Ақл эгалари муҳокамада тортишадилар, хатоларини тан оладилар ва хулоса қиладилар. Шахсан мен, бундай мулоқот учун доимо миннатдорман.

Барака топгур негативчилар, ўзингизни асранг. Муҳокамага идрок ва сабрингиз етмайдими, ўзингизни бунчалар ерга урманг. Энг яхшиси, ёқмаган ном саҳифасини ўқиманг, изоҳ ёзманг, саҳифадан чиқиб кетинг, тамом, касалланиш эҳтимолингиз кескин камаяди.

P/s: Номимни ўзгартириб, SMS ёки мессенжерда таҳдид қилсам, ҳеч ким мени тополмайди, деб ўйлайдиган хасталикнинг мураккаб даражасига етиб келганлар ҳам йўқ эмас. Бу даражага етиб келганларни 50 миллион сўмгача ‘ренимацион рецепт’ ёки 3 ойгача мажбурий яккалаш орқали даволаш кўзда тутилган. Хасталанганлар ҳам ватандошларимиз. Уларга тузалиш учун ёрдам берайлик», — деб ёзади «Миллий тикланиш» раиси.

Аввалроқ Алишер Қодиров ҳукуматга эмланмаганларнинг эркини чеклашни таклиф қилганди. Шунингдек, «Миллий тикланиш» партияси раиси пойтахт марказида одамларни тўплаган блогер ишига муносабат билдирганди.