Сайёҳлик фаолияти кўплаб ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар иқтисодининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Яна шундай мамлакатлар борки, уларнинг номини эшитганда беихтиёр кишининг кўз олдига ўша давлатда жойлашган туристик объектлар келади. Масалан, Мисрнинг эҳромлари, Ҳиндистоннинг Тожмаҳали, Ўзбекистоннинг Регистони. БМТ таркибидаги Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) 2019 йил қайси давлатлар энг кўп сайёҳлар нишонига тушганини маълум қилди. Келинг, ушбу ҳисоботни биргаликда кўриб чиқамиз.

Биринчи ўрин — Франция: 90,3 миллион сайёҳ. Франция халқаро рейтингда энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган давлатлар етакчиси сифатида тан олинди. Эйфел минораси, Лувр музейи, Версал саройи ва бошқа бир қанча объектлар Францияни рўйхатнинг юқорисига олиб чиқди. Дунёда энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган шаҳар — Париж ҳам айнан Францияда жойлашган.

Фото: «The Independent»

Иккинчи ўрин — Испания. Испанияга 2019 йилда умумий ҳисобда 83,8 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Мамлакат Европанинг энг йирик сайёҳлик ўлкаларидан бири ҳисобланади. Испания пойтахти Мадрид ва Барселона ўзига энг кўп сайёҳ жалб қилувчи масканлардир. Мамлакат сайёҳларининг аксари қисмини немис, голланд ва инглизлар ташкил қилади. Чет эллик сайёҳлар, айниқса, ёз ойларида келганлар пойтахт Мадрид, Барселона, ​​Ибица, Балеар оролларига ташриф буюришади ва улар мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшиб келмоқда.       

Фото: «P&O Cruises»

Учинчи ўрин — Америка Қўшма Штатлари. Штатлар пандемия олдида 78,7 миллион сайёҳга ўз бағрини очди. Нью-Йоркдаги Озодлик ҳайкали, Марказий боғ, Манхеттен, Вашингтоннинг Оқ уйи, Майами пляжлари, Аризона шаҳридаги Буюк Канён, Лас-Вегасдаги казинолар, Сан-Франциско шаҳридаги Олтин дарвоза кўприги ва бошқа кўплаб жойлар миллионлаб сайёҳларни оҳанрабодек ўзига чорлади. Нью-Йорк, Лос-Анжелес, Вашингтон ва Сан-Францискони Қўшма Штатларнинг туристик юраги десак, муболаға бўлмас.

Фото: «Architectural Digest»

Тўртинчи ўрин шаҳарларнинг ўзига хос тузилиши, турмуш тарзи, маданияти, тарихи, миллий таомлари, диний қарашлари, маданий бойликлари билан дунёнинг исталган мамлакатларидан фарқ қиладиган мамлакат бўлмиш Хитойга насиб қилди. 2019 йилда мамлакатга 67,5 миллион сайёҳ ташриф буюрди. Ташриф буюрувчиларнинг аксариятини Хитой ишбилармонлик туризми нуқтаи назаридан кутиб олади. Пекин ва Шанхай мамлакатнинг энг кўп ташриф буюриладиган шаҳарлари қаторига киради.

Фото: «Lonely Planet»

Бешинчи ўрин — Италия. Дунё туризми шоҳсупаларини доимий равишда фатҳ қилувчилардан бири — дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлган Колизей жойлашган Ўрта денгиз соҳили марвариди Италия 2019 йилда 64,6 миллион сайёҳни ўзига жалб қилди. Ушбу мамлакат дунёга машҳур шаҳарлари, бинолари, тарихий ёдгорликлари, пляжлари ва сайёҳлик объектлари билан миллионлаб кишиларнинг орзуларини безаб туради. Ўзининг эртакнамо кўчалари ва каналлари билан машҳур Венеция, мода оламининг юраги бўлган Милан ва очиқ осмон остидаги ҳайкалтарошлик музейига ўхшаш Флоренция мамлакатнинг энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган шаҳарлари қаторига киради.

Фото: «Kantar»

Олтинчи ўрин — Туркия. 2019 йилда 52,5 миллион сайёҳни ўз бағрига олиб, энг кўп ташриф буюрилган 10 та давлат рўйхатида 6-ўринни эгаллади. Истанбулдан ташқари, Ўрта денгиз ва Эгей қирғоқлари ҳам ўзининг ажойиб пляжлари ва дам олиш масканлари билан миллионлаб сайёҳларни жалб қилди. Аксарият сайёҳлар Истанбулга ташриф буюришни афзал кўришса-да, Анталия ҳам тарихий ва табиий гўзалликлари билан дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бири дея аталишга арзийди.

Фото: «Financial Times»

Еттинчи ўрин — Мексика. Ушбу ажойиб Шимолий Америка мамлакати ноёб мамлакатларга ноёб саёҳатлар қилишни яхши кўрадиган саёҳатчиларнинг севимлиси ҳисобланади. Мексика ўзининг бой маданияти, миллий ошхонаси, кўнгилочар масканлари, географик ўзига хослиги ва дунёнинг еттита мўъжизасидан бири ҳисобланган Чичен Итса меҳмонхонасига эгалиги билан туризм қироллари орасида ажралиб туради. Мамлакатга 2019 йилда 44,9 миллион сайёҳ ташриф буюрган.

Фото: «UNESCO WHC»

Саккизинчи ўрин — Таиланд: 39,7 миллион сайёҳ. Қумли пляжлар, меҳмондўст маҳаллий аҳоли ва ноёб таомлар Таиландни ҳар йили дунёдаги энг кўп ташриф буюрадиган минтақалардан бирига айлантиради. Бангкок, Паттая, Пхукет Таиланднинг энг афзал кўрилган шаҳарлари қаторига киради. Янги йил нишонланадиган Сонгкран фестивали ҳам чет эллик сайёҳлар учун энг севимлиси ҳисобланади.

Фото: «Bankok Foodie»

Тўққизинчи ўрин — Германия. Мамлакатга 2019 йилда 39,4 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, пиво фестиваллари, мусиқий шоулар мамлакатнинг туристлар учун қизиқарли гўшалар қаторига киришига ҳисса қўшган. Европанинг шаҳар ҳаёти ва маданияти шинавандалари саёҳат учун Берлинни афзал кўришади. Берлинда, шунингдек, дунёга машҳур Берлин девори ва Бранденбург дарвозаси мавжуд.

Фото: «Travel + Leisure»

Ўнинчи ўрин — Буюк Британия. Пандемиядан олдин 36,9 миллион сайёҳни қабул қилган Англия туризм қироллари ўнталигига якун ясамоқда. Ўзига хос атмосфераси, мусиқа, маданият, адабиёт ва табиати билан мамлакат ҳар йили миллионлаб хорижий сайёҳларни жалб қилишда давом этмоқда. Лондондан ташқари, сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган шаҳарлар орасида Ливерпуль, Манчестер ва Бирмингемлар ҳам бор.

Фото: «Lonely Planet»

Ўзбекистон ҳам Марказий Осиё миқёсида ўз туризм имкониятларини ишга солган ҳолда юқори ўринларни эгаллашга интилмоқдаки, 2019 йилда мамлакатга 6,8 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрди. Туризмга эътибор қандайдир маънода кучайди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йил туризм соҳаси учун дунё миқёсида ҳалокатли кечди дейиш мумкин. Бу йилда халқаро ташрифлар кўрсаткичи аввалги йилга қараганда 74 фоизга қисқарди. Пандемия, айниқса, Таиланд, Филиппин, Мексика, Испания каби ЯИМининг сезиларли қисми туризмнинг улушига тўғри келувчи мамлакатлар учун оғир зарба бўлди. 2021 йилни бундай ҳалокатли якунламаймиз деган илижда 2019 йилги маълумотларга асосланган умидбахш рейтингимизни якунлаймиз. Яна рейтинглашгунча!