10:45 | 22.07.21 88

Ухан вирусология институти коронавируснинг келиб чиқиши бўйича маълумот берди

Шунингдек, вируснинг сунъий яратилишига оид хабарларга ойдинлик киритди

Хитойнинг Ухан вирусология институти коронавирусни ҳеч қачон синтез қилмагани, сунъий равишда ишлаб чиқармагани ва вируснинг тарқалишига йўл қўймаганини маълум қилди. Бу ҳақда Ухан вирусология инситутининг миллий биологик хавфсизлик лабораторияси директори, институт тадқиқотчиси Юань Чжиминга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Associated Press»

Келтирилишича, Ухан шаҳрида 2019 йил декабрь ойи охирида коронавирус тарқалгандан бери оммавий ахборот воситаларида коронавирус Ухан вирусология институти лабораториясидан сизиб чиққани ҳақида маълумотлар тарқалган. ЖССТ 2021 йилнинг март ойида вируснинг сунъий келиб чиқиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар билан боғлиқ бўлган Уханнинг махфий «BSL-4» лабораториясига ташиф буюрган.

«Ухан вирусология институти 2019 йил 31 декабрга қадар COVID-19’ни ўрганмаган ёки ушбу вирус ҳақида маълумотга эга бўлмаган. Ҳеч қачон коронавирусни синтезламаган, яратмаган ва уни тарқатмаган. Учинчидан, институтнинг бирон бир ходими ёки талабаси шу пайтгача коронавирус билан касалланмаган», — деган Юань Чжимин брифингда.

Унинг таъкидлашича, вируснинг сунъий келиб чиқиши ёки унинг лабораториядан тарқалишини тасдиқловчи далиллар йўқ.

«Олимлар орасида COVID-19’нинг табиий келиб чиқиши борасида рақобатлар мавжуд. Мутахассислар айни пайтда коронавируснинг сунъий ёки лабораториядан тарқалиши деган назарияни тасдиқловчи далиллар йўқлигини айтган», — дея хулоса қилган Ухан лабораторияси директори.

Аввалроқ Хитой аҳолиси ЖССТга муҳим масалада мурожаат қилганди. Шунингдек, хитойлик вирусолог коронавирус келиб чиқишининг сабабини айтганди.