Янгиликлар - 13:12 · 23.07.2021

Коронавирусни даволашда бурунни совун кўпиги билан тозалаш самарали усулми?

Ижтимоий тармоқларда совун кўпиги билан бурун йўлларини ҳамда совунли сув билан томоқ бўшлиғини чайиб туриш, коронавирус инфекциясини бартараф этишда ёрдам бериши айтилган аудиохабар тарқалди. «Bugun.uz» мазкур усулнинг қай даражада самарали эканини аниқлаш борасида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари билан боғланди.

Фото: Иллюстратив/ «recommend.ru»

Маълум бўлишича, тарқалган аудиохабарда кимлиги номаълум шифокор аёл ёпиқ ҳудудларда бўлмасликни маслаҳат берган, кўчадан уйга келганда совун кўпиги билан бурун йўлларини, атир совунли сув билан эса томоқ бўшлиғини чайиб туриш кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, бу усулни бутун оила аъзолари билан биргаликда, кунора қилиш мумкинлигини айтган. Бундан ташқари, пиёзни канда қилмай еб туришни, совуқ сувдан тийилишни тавсия қилган ҳамда бу хабарни барчага тарқатишни сўраган. 

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева ушбу хабар бўйича «Bugun.uz» мухбирига берган изоҳида унинг гаплари даволаш стандартларига тўғри келмаслигини маълум қилди.

«Совун кўпиги билан бурун ва томоқни чайиш самарали усул бўлса, нега у бутун дунё олимлари, шифокорларининг стандартлари таркибида йўқ? Даволаш стандартларида бундай талаб йўқ. Бугунги кунда қўлларни совун билан юваётганда аллергия бўлаётган одамлар учрамоқда. Шундай вазиятда бурунни шиллиқ қавати ва томоқни совун билан чайиш қанчалик тўғри?!

Яна одамни шубҳалантираётган томони шундаки, аудиохабарда аёл ўзини шифокорман деб айтяпти, бироқ бошқа шифокорлар қатори ўзини таништириб, ОAВларда расмий ҳолатда шу самарали усул эканини, стандартга киритиш кераклигини айтиб чиқмаяпти. Кўринадики, унинг гаплари асоссиз ва даволаш стандартларига тўғри келмайди», — деди Севара Убайдуллаева.

Шунингдек, мутахассис бодринг коронавирусга қарши курашда самарали бўлиши айтилган хабарларга ҳам изоҳ бериб, бу билан короновирусдан ҳимояланиб бўлмаслигини, бодринг соғлом овқатланиш тамойилларига мос келиши мумкинлигини, лекин фақатгина бодринг билан ҳимояланиб бўлмаслигини таъкидлади.

Тарқалган хабарни аниқлаштириш жараёнида сайт мухбири Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи ўринбосари, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков билан ҳам боғланди. Бироқ мутахассис изоҳ беришдан бош тортди.

«Йўқ, изоҳ бермайман, ким нима деса шунга изоҳ бераверадими? Биз адвокат эмасмиз-ку?!», — дея ёзган хабарида. Шундан сўнг, мухбирни Telegram мессенжерида қайта безовта қилмаслиги учун блоклаб қўйди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳоли орасида ўзбек-хитой вакцинаси билан эмлангандан сўнг коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, 1 ҳафталик чақалоқларда ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланаётгани айтилганди.