Бухоро вилояти Шофиркон туманида 1974 йилда туғилган, уйида кўкнор хашаги ва марихуана
етиштирган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/t.me/bviib

Хабарга кўра, фуқаро 2021 йил март ойидан яшаш жойи Шофиркон туман Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган уйида 180 метр/квадратдан иборат иссиқхонасининг ичида жами 130 туп гиёҳванд модда етиштирган. Аниқланишича, фуқаро вилоят Ички ишлар бошқармаси эксперт криминалистика бўлимининг 10 май кунидаги 136-сонли экспертиза хулосасига кўра, «кўкнор» гиёҳвандлик ўсимлигини ва «каннабис» гиёҳвандлик ўсимлигини экиб парваришлаган.

Бундан ташқари, О.Қ. хонадонининг омборхонасидаги кийим осгичнинг тепасида ва хонадаги ёғоч токча устида соф оғирлиги 10–15 граммга тенг кўкнор хашаги гиёҳвандлик воситасини, равоқнинг ички қисмида қора рангли полиэтилен пакет ичида соф оғирлиги 87,11 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро О.Қ.га Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан айблов эълон қилинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда уйида гиёҳванд ўсимлик эккан 64 ёшли эркак қўлга олингани ва Фарғонада уйида 5700 туп кўкнори етиштирган 56 ёшли аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди.