Хитой шарқидаги Чжэцзян провинцияси соҳилларига 25 июль куни «Ин-Фа» тайфуни ёпирилди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «CNN»

Маълум қилинишича, тайфун эпицентри яқинидаги максимал шамол кучи сониясига 38 метрни ташкил этган. «Ин-фа» Хитойга ёпирилган олтинчи тайфун ҳисобланади. Метеорологлар унинг шарқий Хитойда бир мунча вақт сақланиб, Чжэцзян, Цзянсу, Аньхой ва Шанхайда узоқ муддатли ёмғир ва кучли шамолларни олиб келишини айтмоқда.

Таъкидланишича, табиий офат сабабли Шанхай ва қўшни қирғоқ минтақаларида барча авиа рейслар бекор қилинган, метро поездларининг ҳаракати ва корхоналар фаолияти тўхтатилган. Тайфун мингга яқин дарахтни суғуриб ташлаган.

Маълумот учун, Хитойда сўнгги рекорд даражадаги тошқин оқибатида камида 58 киши ҳалок бўлди, 1 миллиондан ортиқ одам тошқин минтақасидан эвакуация қилинди.

Аввалроқ Хитойда кучли ёмғир сабабли метрони сув босганди. Шунингдек, Германияда кучли сув тошқинлари оқибатида ҳарбий «тревога» эълон қилинганди.