Янгиликлар - 18:56 · 26.07.2021

Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори аҳолига мурожаат билан чиқди — видео

Тошкент шаҳар Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Хусанов 26 июль куни аҳолига мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Кадр: Telegram/ @bugunuzlive

Маълум бўлишича, аҳоли орасида коронавирусдан даволаниш мақсадида ўзбошимчалик билан антибиотик ва гормонлар қабул қилиш ҳолати тез-тез кузатилмоқда. Бу орқали беморларнинг умумий ҳолати оғирлашиб, шифокорларга ҳам катта қийинчилик туғдирмоқда.

Таъкидланишича, Анвар Хусанов видеомурожаатида шифохонага жуда кўп оғир ва ўта оғир ҳолатдаги беморлар келаётганини айтиб, уларнинг аксарияти шифокор бўлмаган, мутахассислик бўйича тажрибаси йўқ инсонлар тавсиясига кўра антибиотик, гормонотерапиялар қилганини ва бу орқали касаллик кучайиб кетганини билдирган.

«Жонлантириш бўлимида ушбу беморларга мутахассислар даво муолажаларини қилмоқда. Минг афсуски, оғир ва ўта оғир аҳволдаги беморларнинг ҳаётини сақлаб қола олмаслик ҳолати кўп учраяпти», — деган шифохона директори.

Бундан ташқари, у коронавируснинг илк асоратини сезган беморлардан ҳудудий поликлиника, мобил бригада ёки 103 телефон рақамига мурожаат қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллева антибиотик умуман вирусга таъсир қилмаслигини маълум қилганди. Шунингдек, коронавирусни даволашда бурунни совун кўпиги билан тозалаш самарали усулми, саволига жавоб берилгани ва коронавирус беморлари қабул қилинадиган шифохоналар байрам кунида ҳам ишлаётгани хабар қилинган.