Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 23 июль куни ўтказилган пресс-конференцияда профессор Зариф Ибодуллаев ўзбек-хитой вакцинаси яратилишида пахта ғўзасини ўрганган ўзбек олимлари иштирок этганини айтди. Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби мазкур маълумот бўйича тушунтириш берди.

Кадр: YouTube/ Human.uz

Қайд этилишича, профессор пресс-конференцияда бу саволни бериб, тадбирда иштирок этган олимлардан жавоб олган. Мазкур видеоқирқманинг ижтимоий тармоқларда такрор тарқалгани ва унга берилган жавобнинг қирқиб ташланганини оммани манипуляция қилишга уриниш деб баҳолаш мумкин.

«Шундай бўлсада профессорнинг саволига жавоб берамиз. Вакцинани ишлаб чиқиш мураккаб жараён бўлиб, унда биологлар, кимё мутахассислари, муҳандислар, технологлар ва бошқалар, хусусан, ўсимликларнинг молекуляр генетикаси (масалан, ғўза) билан шуғулланувчи мутахассислар жалб этилади.

Биринчи ва кейинги босқичларда (3-фаза якунлангунча) замонавий вакциналарни яратиш молекуляр биологлар, биотехнологлар, биоинформатика, кимё мутахассисларининг тадқиқот ишларини назарда тутади. Молекуляр биологлар учун ўрганиш объекти микроорганизмлар, ўсимликлар, ҳайвонлар ёки одамлар бўлиши мумкин.

Ушбу объектларнинг барчаси учун бир хил молекуляр генетик ва генетик муҳандислик ёндашувлари қўлланилади. Мамлакатимизда бундай мутахассислар унчалик кўп эмас, аммо уларнинг барчаси бой тажрибага эга бўлиб, улар етакчи хорижий университетлар ва тадқиқот марказларида замонавий усуллар бўйича ўқитилган, шунинг учун мамлакат раҳбариятининг вазифаси мавжуд илмий кадрлар салоҳиятини жалб қилиб, вакциналарни ишлаб чиқаришда бундай мутахассислардан фойдаланиш жуда муҳим.

Аслида молекуляр генетик ёки биотехнолог учун геном қайси организмдан эканлиги муаммо эмас. Сабаби вирус, бактерия, замбуруғ, ўсимлик, ҳайвон ҳамда инсон геноми бир хил турта кимёвий «ҳарф»ларда ёзилган, булар аденин (А), гуанин (Г), ситозин (С) ва тимидин (Т). ДНК пробиркага тушгандан кейин уни қирқиб олиш, кўпайтириш ва ҳужайрадан-ҳужайрага кўчириш -ҳамда унинг маҳсулотини олиш — бу биокимёвий жараён бўлиб, бунинг учун вирусолог ёки иммунолог эмас, биотехнолог бўлиш талаб қилинади. Ўз навбатида, тиббиёт соҳасидаги мутахассислар билан бирга жараённинг кейинги босқичлари амалга оширилади», — деб ёзади вазирлик матбуот котиби Назокат Абдуқундузова.

Аввалроқ Тошкент асаб ва руҳият илмий-тиббий маркази директори Зариф Ибодуллаевнинг ўзбек-хитой вакцинаси бўйича йўллаган қатор саволларига Инновацион ривожланиш вазирлиги жавобларни эълон қилганди.