Шавкат Мирзиёев 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда айтилишича, 1 сентябрдан бошлаб нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади. Болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати эса 6 ойдан 12 ойгача узайтирилади.

Қайд этилишича, 122 минг нафар «темир дафтар»га кирган оила фарзандлари, шунингдек, 370 минг нафар боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан берилади. Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар ҳам олийгоҳларга киришда меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланади.

Таъкидланишича, меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилади. Жумладан, 18 ёшга тўлган уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади. Бунинг учун бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилади ва вилоят ҳокимлари 1 октябрга қадар 757 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминлайди.

Бундан ташқари, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилади. Ота-онасидан ажраган талабаларга пенсия тўлаш муддати 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирилади. Талабаларга зарур адабиётлар сотиб олиш учун ҳар йили бир марта 1,2 миллион сўм субсидия берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 16 та меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчаcига Миллий гвардия масъул бўлиши хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги 21-сонли меҳрибонлик уйидаги шароитлар билан танишгани ва Намангандаги 26-сонли меҳрибонлик уйига боргани маълум қилинган.