Ўзбекистонда дорихона ходими антибиотикларни шифокор рецептисиз сотгани учун қонун олдида жавоб беради. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабар қилинишича, одамлар орасида ўпка яллиғланиши, тана ҳарорати кўтарилиши каби ҳолатларда билиб-билмай антибиотикдан фойдаланиш одатга айланган. Айниқса, коронавирусга чалинган беморлар ҳам ўзбошимчалик билан антибиотик ва гормон олиши ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова дорихона эгаларини белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтиш қонуний жавобгарликка сабаб бўлиши билан огоҳлантирди.

«Маълумки, антибиотиклар тиббиётда энг кўп тайинланувчи ва унинг қарийб барча соҳаларида қўлланилувчи дори воситаси саналади. Бироқ улардан нотўғри фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бугун мамлакатимизда баъзи беморлар ушбу дори воситасидан вирусли касалликлар, хусусан, COVID-19 инфекциясини даволашда ўзбошимчалик билан фойдаланаётгани уларнинг аҳволини янада оғирлаштириб, айрим ҳолларда ўлимга ҳам сабаб бўлмоқда», — деган Муҳаббат Ибрагимова.

Қайд этилишича, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, дорихоналардан маҳсулотларни реализация қилиш тегишли қоидаларга асосан амалга оширилиши керак.

«Мамлакатимизда дорихона ходими рецепт билан бериладиган дори воситасини рецептсиз сотганлиги учун қонуний жавобгарлик белгиланган», — дея огоҳлантирган агентлик бошқармаси бошлиғи.

Таъкидланишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1651-моддаси (Дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) ва Жиноят кодексининг 1863-моддасига (Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) кўра, рецептсиз дори сотган шахслар тегишли жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори аҳолидан антибиотик қабул қилмасликни сўрагани хабар қилинганди. Шунингдек, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллева антибиотик умуман вирусга таъсир қилмаслигини айтгани ва коронавирусни даволашда бурунни совун кўпиги билан тозалаш самарали усулми, саволига жавоб берилгани маълум қилинган.