2020 йил бошларида инсоният билан тўқнаш келган янги пандемия — коронавирус инфекциясининг тарқалиши бирваракайига ўнлаб, балки юзлаб соҳаларни ҳалокат ёқасига етаклади. Давлатлар ўз яшаш тарзларини қайтадан ўйлаб чиқишга мажбур бўлдилар-ки, кўнгилочар тузилма, туризм, спорт каби соҳалар бирмунча оғир ҳолатга келди. Жумладан, биргина туризм соҳасидаги кўрсаткичлар ярим баравардан зиёдга қисқариб кетди. Ўтган галги рейтингимизда ҳам бу ҳақида сўз борган эди.

Бугун биз пандемиядан олдинги давр — 2019 йилги кўрсаткичларни кўриб чиқамиз ва сизга дунёнинг энг кўп сайёҳлар қадами тушган шаҳарлари ўнталигини тақдим қиламиз.

Фото: «Shutterstock»

Биринчи ўрин — Банкок. Таиланд пойтахти кетма-кет тўрт йилдан буён ушбу тоифадаги рейтингларда пешқадамликни қўлдан бой бермай келмоқда. Бангкок 2019 йилда 22,78 миллион туристга бағрини очган. Бангкок, айниқса, қадимги шоҳона саройлари ва тарихий ибодатхоналари билан қизиқувчан сайёҳларни ўзига оҳанрабодек жалб қилади.

Иккинчи ўрин — Париж. Пандемиядан олдин Париж бир йил ичида 19,1 миллион сайёҳни қабул қилган. Париж ҳар қандай фасл ва об-ҳаво шароитида ҳам доим саёҳатни севувчиларнинг диққат марказида бўлиб келган. Шаҳарнинг энг диққатга сазовор «экспонат»и бу, шубҳасиз, Эйфел минорасидир.

Фото: «Viator»

Учинчи ўрин — Лондон. У бу борада Париждан бир озгинага ортда қолган холос. 2019 йилда бу ерга 19,09 миллион турист ташриф буюрган. Лондон ўзининг муҳташам миноралари, ғаройиб музейлари ва, албатта, Биг Бени билан машҳурдир. Мазкур шаҳарга саёҳат қилишни истамайдиган одам топилмаса керак.

Фото: «Marquee-destinations»

Тўртинчи ўрин — Дубай. Дубайга 2019 йилда 15,93 миллион сайёҳнинг қадами етган. Маълумот ўрнида, Дубайда сайёҳлар кунига бошқа шаҳарларда сарфлагандан бирмунча кўпроқ — бир сутка учун 553$ атрофида сарфлашади. Дубай ўзининг сафарилари ва Бурж Ҳалифаси билан туристларнинг юрагидан жой олган.

Бешинчи ўрин — Сингапур. Шаҳарга 14–67 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Бу ернинг тропик иқлими ҳамда шинам ва ақл бовар қилмас даражада ҳашаматли меҳмонхоналари туристлар диққат марказида туради. Саёҳат шинавандалари орасида Сингапур фақат бойлар ва инглиз тилини билувчилар учун мазмунидаги гап-сўзлар юради.

Фото: «The Independent»

Олтинчи ўрин — Куала Лумпур. 13,79 миллион сайёҳни (2019 йилда) бағрига олган мазкур шаҳар ўзининг Петронас эгизак бинолари билан машҳур. Шаҳар сайёҳларни кўпроқ ўзининг миллий ўзига хослик сақланиб қолган замонавий атмосфераси билан жалб қилса керак.

Еттинчи ўрин — Нью-Йорк — 13,6 миллион турист. Нью-Йорк туристлар орасида ҳеч қачон жозибасини йўқотмайдиган шаҳар сифатида машҳур. Саёҳатларга умуман қизиқмайдиган кишилар ҳам шаҳарнинг Марказий боғи, Озодлик ҳайкали ва «Метрополитан» музейи ҳақида умрида ҳеч бўлмаса бир маротаба эшитгани шубҳасиз.

Саккизинчи ўрин — Истанбул. Мазкур гўзал маскан 2019 йилда 13,4 миллион гўзаллик шинавандаларига мезбонлик қилган. Истанбул сайёҳлар орасида ўзининг йирик савдо мажмуалари ва осмонўпар бинолари билан севимлидир. «Авлиё София» эса Истанбулнинг ташриф қоғози бўлса, ажаб эмас. Шаҳар бир-биридан гўзал музей ва диний масканлари билан саёҳатчиларни неча йиллардан буён мафтун қилиб келмоқда.

Фото: «Japan travel»

Тўққизинчи ўрин — Токио. Шаҳар пандемиядан олдинги йилда 12,93 миллион туристни қабул қилиб олган. Маълумот ўрнида, ҳозир шаҳар Токио-2020 ёзги олимпия ўйинларига мезбонлик қилмоқда. Шаҳарнинг Сумида дарёси сайёҳлар орасида машҳурдир.

Ўнинчи ўрин — Анталия — 12,41 миллион сайёҳ. Анталия соҳиллари ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Шаҳар айнан бетакрор пляжлари ва шаршаралари сабабли ҳам рейтингимиздан ўрин олиб турган бўлса ажаб эмас.

Бундан ташқари, маълумот ўрнида, 2019 йилда Маккага 10 миллион, Милан шаҳрига 9,1 миллион, Балига 8,26 миллион сайёҳ ташриф буюрган.

2019 йилда, Ўзбекистон миқёсида оладиган бўлсак, Самарқанд вилоятига 500 мингдан зиёд, Бухорога эса 600 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ ташриф буюрган эди. Пандемия даврида эса бу кўрсаткич ўн бараварга пастлаб кетди.

Хулоса қилиб айтганда, пандемия кўпгина соҳаларда бўлгани каби туризмда ҳам чуқур инқироз ясадики, илгари иқтисодиётининг катта қисми туризмнинг улушига тўғри келган мамлакатлар унинг оқибатларидан ҳали-бери халос бўла олмасалар керак. 2022 йилда 2019 йилги кўрсаткичлар такроран қайд этилилиши ва барча соҳалар каби туризм ҳам оёққа қайта туришини истаган ҳолда 2019 йилги статистик маълумотлар асосида тузилган рейтингимизга якун ясаймиз.

Такроран рейтинглашгунча!