Янгиликлар - 18:17 · 30.07.2021

Ўзбекистонда нафақа олиш учун фақат паспорт талаб этиладиган тизим ишга тушади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 августдан ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа олиш учун фақат паспорт кифоя қиладиган тизим ишга тушади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, тизим Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги «Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган. 

Қарорнинг асосий мақсади давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқароларга қатъи миқдорда белгиланадиган етти турдаги нафақаларни ҳеч бир ҳужжатларсиз ва қисқа муддатда тайинлаш ҳисобланади. Фуқаролар давлат идорасига ташриф буюрмасдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш орқали нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Амалдаги тартибда эса нафақа олиш учун фуқаролар яшаш манзиллари бўйича Пенсия жамғармаси бўлимларига мурожаат қилиши ва нафақа турига қараб ўнга яқин ҳужжатларни қоғоз кўринишида тақдим қилиши зарур. Сўнг ўн кун ичида нафақа тайинлаш масаласи кўриб чиқилади.

Ушбу қарорга кўра нафақа тайинлаш учун мурожаат қилган фуқародан ҳеч қандай ҳужжатлар талаб қилинмайди. Ҳужжатлар Пенсия жамғармасининг «Пенсия» дастурий мажмуаси орқали тегишли вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашинуви орқали 15 дақиқа ичида олинади ва нафақа тайинланади.

Аввалроқ Пенсия жамғармасига январь–июнь ойларида қандай мурожаатлар келиб тушгани ва Ўзбекистонда 1 июлдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар бўлиши маълум қилинганди.