АҚШнинг Алабама штатидан Ўзбекистонга COVAX глобал ташаббусининг ҳамкори сифатида «Moderna» вакцинасининг 3 миллион 60 дозаси олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, аэропортда юкни қабул қилиб олиш жараёнида бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, Бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев, халқаро миқёсда АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дениэль Розенблюм, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Кристофер Фитцпатрик ва бошқа масъуллар иштирок этган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Moderna» компаниясининг коронавирусга қарши қўлланиладиган 3 миллион 60 доза вакцинасини Ўзбекистон учун АҚШ беғараз кўмак тариқасида ажратди. Шунингдек, ушбу вакцина қўшма штатларда қўлланилаётган 3 та вакцинадан биттаси экани айтилган. Шу билан бирга, АҚШ касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш бўйича маркази (CDC) маълумотига кўра, «Moderna» компаниясининг вакцинаси 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга бўлгани ҳолда коронавирус инфекцияси юқишини бартараф этиши маълум бўлган. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ҳозирда мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши жами 6 982 431 доза вакцинадан фойдаланилган ҳамда 1 149 687 нафар фуқаро тўлиқ эмланган. Хабар қилинишича, 30 июль куни соат 11:00 да Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати биносида расмий вакиллар иштирокида «Moderna» вакцинасини расмий топшириш маросими бўлиб ўтади.

Аввалроқ Озарбайжон Ўзбекистонга «AstraZeneca» вакцинасининг 50 минг дозасини тақдим этгани хабар қилинган.