Самарқанд шаҳрида жойлашган «Шуҳрат» ресторанида ишчилар ва тўй эгалари ўртасида муштлашув юзага келди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Кадр: Telegram/ @samiibuz

Маълум бўлишича, воқеа 18 июль куни соат 15:30 атрофида «Шуҳрат» ресторанида содир бўлган. Аниқланишича, ўша куни ресторанда тўй бўлиши керак бўлган ва ташқарида тўйга келганлар столлар тайёр бўлмагани учун киритилмаган. Шунингдек, ушбу ҳолатдан сўнг орада жанжал бўлган ва меҳмонлар ресторан ишчиларини калтаклаган. Таъкидланишича, ишчилар орасида аёллар ҳам бўлган.

Бунинг оқибатида 19 ёшли йигит оғир тан жароҳати билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Хоразмдаги ресторанда мижоз қиз 2 йигит томонидан калтаклангани хабар қилинган. Шунингдек, Навоийда йигит ва бўлажак турмуш ўртоғи 4 киши томонидан калтаклангани маълум қилинган.