Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида тактик ўқув машғулотлари ўтказилди — фото
Машғулотлар «Ғурумсарой» дала ўқув майдонида бўлиб ўтган
Ўзбекистон–Тожикистон ҳарбий хизматчилари иштирокида 26–30 июль кунлари Шарқий ҳарбий округга қарашли «Ғурумсарой» дала ўқув майдонида «Жанговар ҳамдўстлик–2021» деб номланган махсус тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тожикистон Қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондони ўринбосари полковник Фатҳулло Идотуллозода бошчилигидаги меҳмонлар Мудофаа вазирлиги ва ШҲО масъул офицерлари, маҳаллий ҳокимият ва жамоатчилик вакиллари томонидан Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги «Андархон» чегара постида тантанали тарзда кутиб олинган.

Қайд этилишича, ўқув машғулотлари жараёнида ўзбек–тожик ҳарбийлари касбий фаолиятлари юзасидан ўзаро малака ва тажриба алмашган. «Жанговар ҳамдўстлик–2021» махсус тактик машғулотларининг асосий жараёнлари 30 июль куни якунига етган.


Таъкидланишича, машғулотнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи ва Тожикистон мудофаа вазирининг маслаҳатчиси генерал-майор Аъзам Қосимов иштирок этган.

Аввалроқ Россия ва Ўзбекистон махсус кучларининг Сибирдаги қўшма машғулотлари якунлангани ва «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида ҳарбийлар парашютдан сакраб, машғулот ўтказгани хабар қилинган.