
Сурхондарёда маҳкумни қамоқдан чиқариб бериш учун 70 минг доллар сўраган эркак ушланди
Сурхондарёда маҳкумни қамоқдан чиқариб бериш учун 70 000 АҚШ доллари сўраган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Сурхондарёда 9 июль куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи тезкор тадбир ўтказган. Унда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшовчи 1989 йилда туғилган Э. исмли эркак Термиз туманида яшовчи 1983 йилда туғилган танишига Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 10-сон жазони ижро этиш колониясида 19 йиллик муддатининг 10-йилини ўтаётган маҳкумни чиқариб беришини айтиб, бу хизмати учун 70 000 АҚШ доллари талаб қилган.
Таъкидланишича, у фуқарони ишонтириш учун Жазони ижро этиш департаментида яқин таниши ишлашини билдирган. Қайд этилишича, Э. Тошкент шаҳрида айтилган пулнинг 25 000 АҚШ долларини олаётганда далилий ашёлар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 4-қисми ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда қўлга олинган.
Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм ва Сирдарёда имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган фуқаролар ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғонада дўкон ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган сохта ходим ушлангани ва Сурхондарёда эр-хотиннинг ажрашиш ишларини тезлаштириб бермоқчи бўлган сохта адвокат қўлга олингани маълум қилинган.
