«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг барча савдо платформаларида 26 июль–1 август кунлари 1644,7 миллиард сўмлик товарлар сотилди. Бу ҳақда биржа ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, бир ҳафта мобайнида 1644,7 миллиард сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 28,6 фоизга кўп. Биржа савдоларига 2810 тонна пахта ёғи қўйилган ва ундан 1747 тоннаси, яъни 62,1 фоизи сотилган. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 113 та харидор иштирок этган. Барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 717,6 минг сўмдан 15 080,1 минг сўмгача, яъни 9,8 фоизга пасайган. 1-навли пахта ёғининг ўртача ҳафталик котировкаси 17 393,3 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек, биржанинг шакар бозорида нархлар пасайиши қайд этилган. Ҳафта давомида биржа савдоларига 11 972,0 тонна шакар қўйилган, улардан 11 467 тоннаси, яъни 95,8 фоизи сотилган. Шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нарх маҳсулотнинг бир тоннаси учун 7 385,5 минг сўмдан 7290,6 минг сўмгача, яъни 1,3 фоизга пасайган. Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 7345,8 минг сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, биржа савдоларига 356 437 тонна цемент қўйилган, улардан 194 087 тоннаси сотилган. Ўртача кунлик сотув ҳажми 38,8 минг тоннани ташкил қилган. Цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нарх маҳсулотнинг бир тоннаси учун 519 минг сўмдан 504,6 минг сўмгача, яъни 2,8 фоизга пасайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда шакар ва суюлтирилган газ нархи пасайгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда бензин нархи кўтарилгани, пахта ёғи ва цемент нархи тушгани ҳақида хабар берилган.