Ўзбекистоннинг 200 га яқин ҳарбийлари Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон қуролли кучлари бўлинмаларининг 5–10 август кунлари Афғонистон чегараси яқинидаги Ҳарб-Майдон полигонида бўлиб ўтадиган қўшма машғулотларида қатнашиш учун Тожикистонга келди. Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Қайд этилишича, бўлинмалар Термиз полигонидан қарийб 200 километр масофани босиб ўтган. Машғулотлар ўтказилган ҳудудга етиб келганидан сўнг ҳарбийлар қўмондонлик пунктларини жойлаштирган ва ўқ отиш жойларини жиҳозлашга киришган.

Машғулотларга Ўзбекистондан жами 20 дан ортиқ техника жалб қилинган.

Марказий ҳарбий округга кўра, манёврларнинг асосий босқичида иштирокчилар давлат чегарасини кесиб ўтган шартли ноқонуний қуролли тузилмани йўқ қилиш учун тактик ҳаракатларни ишлаб чиқишлари керак бўлади.

Уч томонлама машқлар Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг кескинлашуви фонида бўлиб ўтмоқда.

Аввалроқ КХШТ Марказий Осиёда ҳарбий ўқув машғулотларини бошлагани хабар берилганди. Шунингдек, Россия ҳарбийлари қўшма ҳарбий машқлар учун Сурхондарёга етиб келгани маълум қилинган.