Янгиликлар - 16:58 · 03.08.2021

Ўзбекистонда энг қиммат ва энг арзон палов қаерда сотилаётгани маълум қилинди

Давлат статистика қўмитаси вилоят марказий ҳудудлари кесимида тайёр паловнинг ўртача нархлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, ҳудудлардаги умумий овқатланиш муассасаларида кузатув ўтказилган. Унга кўра, Наманган бир порция паловнинг ўртача нархи энг арзон сотиладиган вилоят деб топилган — 14 714 сўм. Энг қиммат палов эса Тошкент шаҳрида — 23 000 сўм. Барча вилоятлардаги ўртача палов нархи қуйидагича:

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 15 667 сўм;
  • Андижон — 16 600 сўм;
  • Бухоро — 20 667 сўм;
  • Жиззах — 18 667 сўм;
  • Қашқадарё — 19 500 сўм;
  • Навоий — 15 250 сўм;
  • Наманган — 14 714 сўм;
  • Самарқанд — 20 000 сўм;
  • Сурхондарё — 19 600 сўм;
  • Сирдарё — 17 667 сўм;
  • Тошкент — 18 500 сўм;
  • Фарғона — 17 000 сўм;
  • Хоразм — 18 000 сўм;
  • Тошкент шаҳри — 23 000 сўм.

Қайд этилишича, нархларни рўйхатга олувчи томонидан кузатув ўтказилган кун ва вақтдаги нарх-наво қайд этилиб, бунда вақт ва жойига қараб нархлар ўзгариб туради. Мазкур маълумотларнинг шаклланиши жараёнида фақатгина танлаб олинган умумий овқатланиш муассасалари (Ош марказлари)даги паловнинг ўртача нархлари ҳисобга олинган бўлиб, ресторан ва чойхоналардаги нархлар инобатга олинмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент бозоридаги вилоятлардан келтирилган гўшт нархи маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархи аниқлангани ва Ўзбекистонда июнь ойи учун энг қиммат ва энг арзон палов қаерда сотилиши хабар қилинган.