Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш дастури ишга туширилди
Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ишга туширилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, интернет тармоғидаги eanticor.uz дастури тест режимида ишга туширилган бўлиб, унда корррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни тўрт хил шаклда, қуйидаги мавзуларда юбориш мумкин:
- «Коррупцияга дуч келдим ва пора беришга мажбур бўлдим»;
- «Коррупцияга дуч келдим ва пора бермадим»;
- «Пора билан боғлиқ бўлмаган коррупцияга дуч келдим»;
- «Ҳалол ишлайдиган давлат хизматчисини учратдим».
Қайд этилишича, агентлик сайт орқали берилаётган коррупция ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқади. Шунингдек, берилган мурожаатлар асосида соҳалардаги коррупцион ҳолатлар таҳлил қилинади ва ўтказилган таҳлил натижаларига кўра коррупцияга имкон яратаётган омилларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Жумладан, коррупцияга йўл очиб бераётган нормаларни ўзгартириш, бекор қилиш ёки қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва уларни амалга ошириш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, eanticor.uz дастурий таъминоти орқали фуқароларнинг коррупцияга оид мурожаатлари асосида вазирлик, идоралар, вилоят ва туманларнинг статистик рейтингини кузатиб бориш имконияти яратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон киберхавфсизлик рейтингида Наманган вилоят ҳокимлиги биринчи ўринни қайд этгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар электрон шаклда юритилиши ва Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятларни содир этганларнинг очиқ электрон реестри тузилиши маълум қилинган.
