Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 8 ойлик фарзандини 10 минг долларга сотган фуқаро ушлангани хабар қилинганди. Туман судида унга нисбатан қандай жазо тайинлангани маълум қилинди.

Кадр: Telegram/ @oliysuduz

Қайд этилишича, Н.Ж. исмли аёл иссиқхонада ишлаб юрганида бир эркак билан танишиб қолган ва орадан вақт ўтгач, ундан ўғил фарзанд кўрган. Шунингдек, фуқаро Н.Ж.га фарзандни боқишга имкони йўқлигини билдириб, болани бериб юборишини айтган.

Шу билан бирга, аёл яшашга уйи бўлмагани, бировнинг уйида молларига қараб кун кечираётганини ҳамда фарзандини боқишга имкони йўқлигини айтган. Таъкидланишича, бошқа фуқаро унга 8 ойлик чақалоғини 10 000 долларга сотишни таклиф қилган ва аёл бунга рози бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман суди Н.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Самарқандда тўрт кунлик чақалоғини 2,5 минг долларга сотган спортчи қиз қамалгани хабар қилинган. Шунингдек, Бухорода чақалоқни сотмоқчи бўлган она-қиз қўлга олингани маълум қилинган.