Бангладешда 17 киши чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди — фото
Ҳодиса тўй пайтида содир бўлган
Бангладешда тўй пайтида 17 киши яшин уриши оқибатида ҳалок бўлди ва олти киши жароҳатланди. Бу ҳақда «The Nation» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Навабганж туманида содир бўлган. Чақмоқ Падма дарёси бўйлаб ҳарактланаётган, бир неча ўнлаб тўй меҳмонлари бўлган қайиққа урилган.
«Никоҳ тўйи учун ижарага олинган қайиққа чақмоқ тушди. Ҳамда 17 киши воқеа жойида ҳалок бўлди», — деган туман маъмурияти раҳбари Соҳиб ал-Рабби.

Расмийнинг аниқлик киритишича, экипаж аъзоларидан бири қайиқни тўхтатиш учун лангар туширган пайтда одамларни чақмоқ урган. Таъкидланишича, Бангладешда июль ва август ойлари тез-тез чақмоқ чақиб, кучли момақалдироқлар бўлиши оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлади.


Аввалроқ Ҳиндистонда селфи тушаётган 20 га яқин кишини чақмоқ ургани видеоси намойиш қилинганди. Шунингдек, Бангладешда юк кемаси ва қайиқ тўқнашиши оқибатида 26 киши ҳалок бўлганди.