Бухорода МИБ ходимини урган раҳбар жавобгарликка тортилди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида «Trans Atlas» МЧЖ раҳбари қарзни ундириш учун келган МИБ ходимини урди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ижрочиси Я.Холиқов ва У.Эргашев қарздор «Trans Atlas» МЧЖдан 28 миллион 409 минг сўмлик солиқни ундириш учун раҳбар С.Аслонов яшаш манзилига борган пайтда фуқаро ходимни ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми ва 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро С.Аслоновга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда фуқаролар МИБ ходимларининг устига бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Жиззахда қарздор эркак МИБ ходимларини овлоқ жойга олиб бориб, калтаклагани ва Қашқадарёда қарздорнинг қариндошлари МИБ ходимларини ҳақоратлаб, ургани маълум қилинган.