Ўзбекистонда «Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Фото: «oficery.ru»

Маълум қилинишича, қарор билан Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисидаги низом тасдиқланди. Марказлар, жумладан, қаровсиз болаларнинг шахсини аниқлаб, уларнинг ўқиши ва хулқ-атвори, оиласидаги муҳитини ҳамда қаровсиз қолишига сабаб бўлган омилларни ўрганади.

Қайд этилишича, 2021 йил 1 сентябрдан вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар томонидан таълим муассасаларида, профилактика инспекторлари томонидан хизмат ҳудудида, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари томонидан оилаларда қаровсиз болалар аниқланади.

Вояга етмаган шахснинг қаровсиз қолгани давлат органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар томонидан аниқланган ҳолларда улар бу тўғрисида профилактика инспекторига хабар беради. Профилактика инспектори бола қаровсиз қолгани тўғрисида хулосага келса, тегишли тартибда болани марказга қабул қилиш ҳақида йўлланма тайёрланади.

Шунга кўра, ходимлар 5 соат ичида болани қабул қилиб олади ва марказга жойлаштиради. Марказ томонидан 48 соат ичида қаровсиз боланинг шахси аниқланади. Боланинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига баҳо бериш натижасига кўра ижобий хулосага келинса, бола ота-онаси (ота-она ўрнини босувчи шахслар)га топширилади.

Марказ йўлланмасига кўра, бола тегишли ихтисослаштирилган таълим муассасасига синов ва имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинади. Ўқиш харажатлари республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Профессионал ёки ОТМга ўқишга кириш истаги бўлмаган ёки ўқишга кира олмаган қаровсиз вояга етмаган бола 1 ой ичида ҳудудий меҳнат органлари томонидан ишга жойлаштирилади.

Хабарга кўра, 2021 йил 1 ноябргача «E-voyaga yetmaganlar» ягона ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда вояга етган етим болаларга бепул уй-жойлар ажратилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячилари тайинланиши маълум қилинганди.