Янгиликлар - 18:16 · 06.08.2021

АҚШ Эроннинг янги президентига мурожаат қилди

АҚШ Эронни ядровий битимни янгилаш борасидаги музокараларга тезроқ қайтишга чақирди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Turkish Forum»

Маълум бўлишича, апрель ойидан буён Вена шаҳрида ядровий битим бўйича музокараларнинг олти раунди бўлиб ўтган, аммо келишув ҳали тикланмаган. Айтилишича, 5 август куни Эрон президенти Теҳрон АҚШнинг санкцияларини олиб ташлашга олиб келадиган ҳар қандай дипломатик режаларга рози бўлишга тайёрлигини маълум қилган.

Бунга жавобан АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс АҚШ Эрон билан ядровий келишувга қайтиш бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини айтган. «Биз Эронни имкон қадар тезроқ музокараларга қайтишга чақирамиз. Бу биз учун долзарб вазифадир», — деган Прайс. 

Унинг айтишича, Америка ўзининг ва шерикларининг манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади.

Аввалроқ Саудия Арабистони Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини айтган. Шунингдек, Исроил Эронни нефт танкерига ҳужум қилишда айблаганди.