Эроннинг янги президенти ядро қуроли бўйича баёнот берди
Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисий расмий инаугурация маросимида мамлакат ядро қуроли ишлаб чиқармаслигини эълон қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Келтирилишича, президент нутқида Эрон расмийлари АҚШнинг Теҳронга қарши санкцияларини бекор қилишга олиб келадиган ҳар қандай дипломатик режани қўллаб-қувватлашини айтган ва Эроннинг ядро келишуви дастури мутлақо тинчлик ўрнатишга қаратилганини таъкидлаган.
«Ислом республикаси, Эроннинг диний раҳнамоси ва лидери Али Ҳоманаийнинг диний буйруғига биноан, ядровий қуролни тақиқлайди ва бу турдаги қуролнинг мамлакат мудофаа стратегиясида ўрни йўқ», — деган Иброҳим Раисий.
Маълумот учун, Саудия Арабистони вакили Эрон Яқин Шарққа жуда катта таҳдид солаётганини айтганди. Жумладан, мамлакат ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон Эроннинг Яқин Шарқда агрессив ҳаракат қилаётганини, кемаларга хавф туғдираётганини, Ливандаги сиёсий муаммога ҳисса қўшаётганини айтган. Вазир ўз нутқида Эрон қўллаб-қувватлайдиган кучлар АҚШ соҳилларида нефть танкерини ўғирлаб кетгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берган. Шунингдек, Саудия сиёсатчиси агар Теҳрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигини кафолатласа, унинг мамлакати Эрон билан ядровий келишувни қўллаб-қувватлашини таъкидлаганди.
Аввалроқ Эроннинг янги президентини тасдиқлаш маросими бўлиб ўтганди. Шунингдек, Эроннинг истеъфога чиқаётган президенти мамлакат аҳолисидан кечирим сўраганди.