Марказий Осиё раҳбарларининг норасмий учрашуви суратлари эълон қилинди
Суратларни Козоғистон президенти матбуот котиби эълон қилган
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон раҳбарлари учрашувининг фотосуратлари Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Уалининг Facebook саҳифасида эълон қилинди.

Суратларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров тасвирланган.

Давлат раҳбарлари 6 август, жума куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида иштирок этади. Шунингдек, саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 5 август куни Туркманбоши шаҳрига жўнаб кетгани хабар берилганди. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё раҳбарларининг учрашувидаги нутқида дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўмак муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриши, узоқ муддатли умумий манфаатларга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини баён қилиши кутилмоқда.


Аввалроқ Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берганди. Кейинчалик Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёв 5–6 август кунлари «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этиши ҳақида хабар берди.