«Олдимизда турган муаммоларнинг ечимига биргаликда эришамиз» — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев 6 август куни Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган саммитда Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти, Қирғизистон президенти ва Тожикистон президенти, шунингдек, БМТ бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман иштирок этган. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида умумий сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли бугун минтақа яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиб бораётганини таъкидлаган.
«Бу ерда янги сиёсий муҳитни шакллантиришда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларининг ўрни беқиёс. Олий даражадаги мунтазам учрашувларимиз минтақанинг бетакрор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда», — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни қабул қилиш фурсати келганига тўхталиб ўтган. Давлат раҳбари туризм маҳсулотларининг бутун доирасини қамраб оладиган «Бир саёҳат — бутун минтақа» қўшма дастурини амалга оширишга киришиш таклифини илгари сурди.
«Бугунги саммит муҳим воқеа — давлатларимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида ўтаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу йиллар барчамиз учун мушкул давр бўлди. Асосий хулоса — биргаликда, жипс бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, олдимизда турган муаммоларнинг ечимига эришамиз, минтақанинг барқарор тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширамиз. Бошқа муқобил йўл йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.
Минтақавий ҳамкорлик жараёнларига барқарор ва ортга қайтмас тус бериш, шу мақсадда халқ дипломатияси, парламентлар, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси салоҳиятидан яна кенг фойдаланиш муҳим экани қайд этилди.
«Марказий Осиё аёллари мулоқоти янада ривожланаётгани, гендер тенглик соҳасидаги глобал мақсадларга эришишга қаратилган мулоқотлар кенгайиб бораётганини олқишлаймиз», — деб таъкидлади Президент.
Парламентаризмнинг роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф этди. Ўз нутқини якунлар экан, давлат раҳбари Маслаҳат учрашувининг натижалари Марказий Осиёдаги биродар халқларнинг кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига ишонч билдирди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан учрашгани маълум қилинган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида қатнашиши хабар қилинган.