Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтакланди
Фарғона шаҳрида 3 август куни тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» вилоятдаги мухбири ҳолат юзасидан Ички ишлар бошқармасидан маълумот олди.

Хабарга кўра, воқеа 3 август куни Фарғона шаҳрида содир бўлган. Шу куни шаҳар тез ёрдам станциясининг 2-бўлинмасида хизмат вазифасини олиб бораётган бўлинма тиббий ходими А.А. беморнинг яқин қариндоши, собиқ ИИБ ходими деб аталаётган А.Ю. томонидан калтакланган. Ҳодисага тез ёрдам машинасини кеч колгани сабаб бўлган.
Қайд этилишича, тан жароҳати олган тез тиббий ёрдам ходими А.А. ҳолат бўйича ҳудуддаги ИИБга мурожаат қилганида бўлимдагилар ариза қабул қилишдан бош тортган. Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбарининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолат бошқарма томонидан тўлиқ назоратга олинган. Жабрланувчига нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда хитойлик шифокорлар калтакланиб, 200 миллион сўм пули ўғирлаб кетилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда чақирувга борган шифокорнинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, тан жароҳати етказилгани ва Жиззахда тез ёрдам шифокори дўппослангани маълум қилинган.