Янгиликлар - 13:02 · 08.08.2021

Қирғизистоннинг собиқ президенти мамлакат аҳолисидан кечирим сўради — видео

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев қирғизистонликларга видеомурожаат қилиб, улардан «Қумтор» олтин-кони бўйича кечирим сўради. Бу ҳақда «Курсив.kz» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Келтирилишича, Акаев мурожаатида Қирғизистонда жавобгарликка тортилгани ва қидирувда бўлганига қарамай, «Қумтор» иши бўйича гувоҳлик бериш учун мамлакатга келганини таъкидлаган. У Қирғизистонга келган биринчи куниданоқ ҳар куни сўроққа боргани ва терговчиларга кўрсатма берганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон бу лойиҳадан анча катта иқтисодий фойда кутган.

«Афсуски, ҳаммаси биз хоҳлагандек бўлмади. ‘Қумтор’ бўйича бош келишув имзоланганидан буён қирғиз томони миллий манфаатларига зиён етказадиган кўплаб ишларни олиб борди. Бу далиллардан бири Канаданинг ‘Cameco’ корпорациясининг солиқлардан ноқонуний равишда озод қилиниши, шу жумладан, 1992 йилги бош келишувни имзолаш чоғида табиий ресурслардан фойдалангани учун, шунингдек, «Қумтор» лойиҳасини бошқаришни Канада томонига топширишидир. Натижада қирғиз томони нафақат дивидендларсиз, балки катта солиқ тушумларисиз қолди», — деган Акаев.

Шунингдек, у бунда нафақат ҳукуматнинг, балки давлат раҳбари сифатида ўзининг ҳам шахсий хатоси борлигини айтган. Чунки у ҳукуматга кўр-кўрона ишониб, «Қумтор» лойиҳаси тўғрисида қарор қабул қилган ва бош келишувни имзолашда Қирғизистон манфаатларини тўлиқ ҳисобга олганини айтган. Шунингдек, собиқ президент 2003 йилда лойиҳани қайта тузишга Қирғизистон ҳукуматига розилик беришни энг муҳим хато деб билишини айтган ва қирғизистонликлардан бу учун кечирим сўраган.

Аввалроқ Қирғизистоннинг яна бир собиқ президенти ҳибсга олиниши маълум бўлганди. Шунингдек, Қирғизистоннинг собиқ бош вазири «Қумтор» иши бўйича ҳибсга олинганди. Ҳамда Қирғизистонга олиб келинган собиқ президент сўроқдан кейин интервью берганди.