Туркиядаги Мармар денгизи экологик фалокат ёқасида экани маълум қилинди
Бунга денгизни қоплаган шилимшиқ моддадан ташқари яна нималар сабаб бўлаётгани айтилди
Туркиянинг Мармар денгизи ифлосланиш ва «ўн йиллик таназзул» туфайли экологик таҳдид ёқасида экани айтилди. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда қирғоқбўйи корхоналари Туркия денгизларига ташланган оқава сувлар ҳажмини қарийб икки баробар кўпайтирган. Бундан ташқари, ҳар йили Мармар денгизи орқали ўтадиган 50 минг танкер ноқонуний равишда денгизга ёқилғи ва чиқиндилар ташлаши айтилган.
«Миллий саноатнинг деярли учдан икки қисми, шу жумладан, нефтни қайта ишлаш заводи, автомобилсозлик, кимё заводлари ва электр станциялари Мармар денгизи бор ҳуддуда тўпланган», — деган журналистлар.
«Биз Мармар денгизидан қазилган қудуқ сифатида фойдаланамиз», — деган Мармар денгизи атроф-муҳит мониторинги лойиҳаси гидробиологи Левент Артуз.
Таъкидланишича, денгиз ундаги фаунани оммавий равишда нобуд қилаётган шилимшиқ моддадан азият чекмоқда. Шунингдек, денгизда медузалар ва денгиз сув ўтлари кўпаймоқда.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Истанбулда денгиз маҳсулотлари кескин камайган, 2021 йилги балиқ ови 90 фоизга қисқарган. Мутахассислар табиий экотизим сифатида Мармар денгизи «тоза» ҳолатга қайтиши мумкинлигига шубҳа қилмоқда.
«Муҳим муаммо денгиздаги шилимшиқ моддада эмас. Бу ўнлаб йиллар давом этган таназзул занжирининг бўғини ҳисобланади. Бизда Мармар денгизини аввалги ҳолатига қайтариш учун ҳеч қандай имконият йўқ. Биз ҳозир қилишимиз керак бўлган вазифа бу Мармар денгизига зарар етказилишини қандай қилиб олдини олиш ҳисобланади», — деган Артуз.
Аввалроқ Туркиядаги денгизни қоплаган шилимшиқ суюқлик қандай пайдо бўлгани ҳақида янги маълумот берилганди. Шунингдек, Греция қирғоқларини ҳам шилимшиқ суюқлик қоплаганди.