Глобал исишнинг энг катта хавфларидан бири эълон қилинди
Гарвард университети олими Али Аҳмад атом электр станцияларида авариялар сонининг кўпайишини глобал исиш билан боғлиқ деб айтди. Унинг тадқиқот натижалари «Nature Energy» журналида эълон қилинди.

Маълум бўлишича, тадқиқотчи ўттиз йилдаги иқлим ўзгариши оқибатида атом электр станцияларида авариялар кўпайганини таҳлил қилган. Тадқиқот натижасига кўра глобал исиш станциялар учун хавфли бўлиб чиққан. Аҳмаднинг ҳисоб-китобларига кўра, носозликлар даражаси ҳар бир реактор учун йилига 7 мартадан кўпроққа ошган.
Айтилишича, олим тадқиқотида фақат иқлим исиши оқибатида содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олган. Табиий офатлар, жумладан, зилзила ёки цунами туфайли юзага келган узилишларни эса инобатга олмаган.
Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсониятни глобал исиш хавфидан огоҳлантирганди. Шунингдек, глобал исиш ёз ойларидаги ўлим кўрсаткичини қанчага оширгани маълум бўлган.