Биринчи апрель куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш жараёнларига старт берилган, вакцинация жараёнларининг илк босқичи 65 ёшдан катта бўлганлар ва тиббиёт ходимларига қаратилган эди. Кейин бирин-кетинлик билан аҳолининг бошқа қатламлари — ўқитувчилар, журналист ва блогерлар жараёнга жалб қилинди. Бугун эса вакцинацияга қарши кўрсатмага эга бўлмаган ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси коронавирусга қарши эмланиши мумкин ва айни дамда бу жараён жадаллик билан давом этмоқда. Бугунги кунгача қанча дозада эмлаш ишлари амалга оширилди, қайси вилоят вакцина олганлар кўрсаткичлари бўйича олд ўринларда? «Bugun.uz» сизга мана шу маълумотларни тақдим этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этаётган маълумотларга қараганда, 1 апрелдан шу кунга қадар республикамизда эмлашлар сони 11 382 468 дозага етди. Шундан куни кеча 296 963 доза вакцина қабул қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Эмланганлик кўрсаткичлари бўйича биринчи ўринда Фарғона вилояти турибди. Вилоятда бугунга қадар 1 292 563 доза вакцина «истеъмол қилинган». Биргина 11 августда 21 189 доза вакцина қилинган.

Иккинчи ўринда 1 288 376 доза билан Наманган вилояти турибди. Кеча вилоятда эмлашлар сони 18 714 дозага тенг бўлган.

Учинчи ўрин — Андижон вилояти. Рейтинг пешқадамларига қайта назар ташлайдиган бўлсак, водий аҳолиси орасида вакцинацияга ишонч бошқа ҳудудларга нисбатан юқори эканини сезиш қийин эмас. Андижонда тўрт ойдан ошиқроқ муддат ичида эмлашлар сони 1 215 501 нафарга етган. 11 август кўрсаткичи — 23 594 доза.

Тўртинчи ўринни 1 150 859 доза вакцина билан сайқали рўйи замин — Самарқанд банд этмоқда. Кеча вилоятда 22 678 вакцина қўлланилган.

Бешинчи ўринни Қашқадарё вилояти банд этди. Салкам бир миллион, янаям аниқроқ қилиб айтганда, 934 623 доза вакцина 1 апрелдан шу кунга қадар қашқадарёликларга «ем бўлди». Кечаги куннинг ўзини алоҳида рейтинг қиладиган бўлсак, унда Қашқадарё 50 760 доза кўрсаткич билан биринчиликка эга чиққан бўлар эди.

Фото: «Bugun.uz»

Мана шундай позитив кайфиятда рейтингимизни давом эттирамиз. Олтинчи ўринда Тошкент вилояти. Вилоятдаги бугунги кунга қадар эмланишлар сони 902 405 га тенг. Куни кечаги эмланишлар сони эса14467 та.

Еттинчи ўрин эгаси — Сурхондарё вилояти Тошкент вилоятидан атиги бир неча минг доза туфайли орқада қолди. Вилоятда бугунги кунгача 901637, биргина 11 августда 39171 доза вакцина қабул қилинган.

Кўпгина рейтингларда биринчи ўринни эгаллаб «ўрганиб қолган» Тошкент шаҳри бугун саккизинчи ўринда. Республиканинг энг кўп аҳоли яшайдиган бу маъмурий бирлигида 1 апрель санасидан шу кунга қадар атиги 607 623 доза вакцина қабул қилинган. Кечанинг натижаси — 17 024 доза.

Тўққизинчи ўринда Тошкент шаҳридан бир озгинага ортда қолган Бухоро вилояти 597 249 доза кўрсаткич билан. Бухороликлар куни кеча 14 401 доза вакцина қабул қилибди.

Бу гал ўнинчи ўрин рейтингимизни якунлаб бериш шарафидан бебаҳра. Сабаби Ўзбекистон 14 та маъмурий-ҳудудий бирликдан ташкил топган. Демак, ўнинчи ўрин — Хоразм вилояти. Вилоятда бугунгача 596 532 доза вакцина қабул қилинган. Шундан 18 207 донаси 11 август улушига тўғри келади.

Ўн биринчи ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси. Автоном республикада бугунгача жами эмланишлар сони 562 379 тага тенг. 11 август ҳолати — 16 952 доза.

Ўн иккинчи ўрин — Жиззах вилояти. Вилоятлар кесимида кўрсаткичларнинг тенг ярмига қадар камайиб кетиши нимани англатиши мумкин? Вакцинацияга бўлган ишончсизликни ёки тарғибот ишларининг сустлигини? Ҳа-я, вилоят аҳолисининг сони ҳам бу ўринда ўз ролига эга. Жиззахда қўлланилган вакциналарнинг умумий сони 519 382 та.

Ўн учинчи ўрин — Навоий вилояти. Вилоятда 1 апрелдан шу кунга қадар эмлашлар сони 489 744 тага тенг. Кечаги кўрсаткич эса 12 638 доза.

Ва ниҳоят, сўнги ўн тўртинчи ўринга — Сирдарё вилоятига етиб келдик. Вилоятда 11 август ҳолатига кўра 323 595 доза вакцина қўлланилган.

Юқоридагилар ҳақида бизга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган ахборотларга асосланиб ёзмоқдамиз. Фикримизни хулосалайдиган бўлсак, юқоридаги ўринлар нисбий, яъни уларда фақат вакцина дозалари сони «гапирмоқда». Вилоят аҳолиси сони ва эмланганлар сони нисбатланганда реал вазият ва қайси вилоятда қанчалик самарали жараён кетаётганлиги янада ойдинлашади. Мисол учун, салкам 3 миллион аҳоли яшайдиган Тошкент шаҳри учун натижалар мақтангулик эмас, аҳоли сони анча кам Навоий вилояти учун бу натижа у қадар қониқарсиз эмас.

Бизда ҳозирча шулар. Вакциналанинг — саломат бўлинг. Яна рейтинглашгунча!