13 август — Чапақайлар куни. Чап қўлда ижод қилган ёзувчилар ва уларнинг ижодига назар

Бугун 13 август бутун дунёда Халқаро чапақайлар куни ҳисобланади. Бу норасмий байрам 1992 йилда Британия чапақайлар клуби ташаббуси билан ташкил этилган ва ҳар йили 13 августда нишонланади. Шу куни замонавий дунёда асосан чап қўлидан фойдаланувчи одамлар дуч келадиган муаммолар, уларнинг мослашувчанлигини оширишга қаратилган масалаларни муҳокама қилиш одат тусига кирган. Дунёда 15  фоизга яқин одам чапақай. Бу ҳар еттинчи одам шундай дегани. Эркаклар орасида чапақайлик кўпроқ учрайди. Шунингдек, эгизакларнинг ҳам катта қисми чапақай бўлиши маълум. «Bugun.uz» сана муносабати билан чапақай ёзувчилар ижодига назар солади.

Байрам муносабати билан чапақайлар ишлаб чиқарувчиларга турли асбоб-ускуналар яратишда чапақайлар физиологиясини ҳам ҳисобга олишни эслатиб туради. Турмушдаги кўплаб анжомлар, турли станоклар, транспорт воситалари ҳам кишиларнинг ўнг қўлли бўлишига мўлжалланган. Бу чапақайларнинг баъзи соҳаларда дискриминацияга учрашига сабаб бўлади. Шу сабаб улар орасида стресс ва шизофрения касаллиги кўпроқ ўчрайди. 1990 йилги тадқиқот чапақайлар кўпроқ автоҳалокатларга учрашини аниқлаган. 

Фото: «Ideonomika»

Аммо шунга қарамай, чапақайликнинг афзаллик ҳисобланувчи жиҳатлари ҳам кўп. Қиличбозлик, теннис, футбол ва гандбол каби кўплаб спорт турларида чапақай бўлиш спортчига қўшимча устунлик беради. Бу соҳаларда чапақайлар катта муваффақиятларга эришган. Чапақайларда тасаввур ва ҳиссиётлар анчайин ривожлангани сабабли улар орасида ижодкор одамлар: рассом, ёвувчилар кўпроқ учраши маълум. 

Кишиларнинг нега айнан бир қўлидан кўпроқ фойдаланиши борасида кўплаб таҳминлар бўлса-да, чапақайликнинг асосий сабаби аниқланмаган. Бу мия яримшарлари ишлашига, эмбрион ривожланишдаги гормонлар ҳолатига ёки генга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. 

Кўплаб буюк шаҳслар, олимлар чапақай бўлган. Жумладан, Альберт Эйнштейн, Чарли Чаплин, Архимед, Михаил Ломоносов, Исаак Ньютон ва Чарльз Дарвинлар чапақай бўлган. Машҳур ёзувчилар  A.С. Пушкин, М. Твен, Ф. Кафка, Г. Х. Aндерсен, Л.Н. Толстой, Г. Уэллс, Л. Керрол, М.С. Лесков ва В.В. Маяковскийлар ҳам ўзларининг ёрқин асарларини чап қўли билан битгани маълум. Қуйида машҳур чапақай ёзувчилар ижодига тўҳталиб ўтамиз.

Фото: «Softmixer»

Рус шеъриятининг қўёши ҳисобланган буюк шоир Aлександр Сергеевич Пушкин ҳам чапақай бўлган. Аммо у пайтларда чап қўлни кўп ишлатиш ножоиз ҳисоблангани учун у омма олдида асосан ўнг қўлини ишлатган. Аммо бошқа пайтларда чап қўлида ўзининг бетакрор шеърларини ёзган.

Фото: «Nb-Forum»

Буюк рус ёзувчиси Лев Толстой эса амбидекстр эди — у ҳар иккала қўлини бир хил даражада ишлата олган. Замондошлари ҳазиллашиб, ёзувчининг ўта сермаҳсуллиги ҳам шундан. Лев Николаевичнинг бир қўли чарчаганида дарҳол бошқа қўли билан ёзишни давом эттиради, дейишарди. 

Ўзининг чапақайлиги билан танилган модернист адиб Франц Кафка ёзувчи бўлиш учун ота-онаси билан курашишига тўғри келган. Улар ўғлининг адвокат бўлишини хоҳларди. Ёш ёзувчи ҳам юридик олийгоҳни тугатганди. Аммо у ўз ишидан қониқмаган, фақат адабиётдагина ўзини эркин ҳис қиларди. Шу сабабли ҳам асарларида турли сюрреалистик қийинчиликларга учраган, имконсиз вазиятларга тушиб қолган қаҳрамонларни тасвирлаган бўлса, не ажаб. Кўпчиликка таниш «Жараён», «Эврилиш» ва «Қалъа» каби асарлар муаллифи уйқусизлик ва психосоматик касалликлардан қийналган. Охир-оқибат силга чалинган ва 40 ёшида вафот этган.

Фото: «RadioVan»

Чапақайларда тасаввурнинг кучли бўлишига ёрқин мисол инглиз ёзувчиси Льюис Кэррол ҳисобланади. Унинг ўзи ҳам, машҳур қаҳрамони Алиса ҳам чапақай бўлган. «Алиса мўжизалар мамлакатида» асари орқали у энг машҳур адабий фантазия муаллифи деб тан олинган. У турли уйдирмаларни ўйлаб топишда, реалликка пародия қилишда ва асарларида мантиқни абсурд даражада маънисизликка олиб келишда моҳир бўлган. У замонасининг кучли математикларидан бўлгани ҳам маълум. Асосан тунда ижод қилган адиб бу вақтда ёзишга мўлжалланган никтограф қурилмасининг ихтирочиси ҳисобланади.

Чапақай адиблар ҳақида гапирганда, бевосита ўзининг шу номли асари билан танилган рус ёзувчиси Николай Лесковни тилга олмай илож йўқ. 1881 йилда у ўзининг «Чапақай» номли қиссасини ёзган. Асар сюжети тарихий ва ўйлаб топилган воқеалардан иборат.

Фото: «Интересные факты»

Асарда император Александр I Европа бўйлаб саёҳатида Англияга ташриф буюради. Ташриф давомида турли ажабтовур нарсалар орасида унга рақсга тушувчи механик бургани ҳам кўрсатишади. Император бургани ўзи билан олиб кетади. Бир неча йил ўтиб Александр I вафотидан кейин таҳтга Николай I ўтиради ва бургага қизиқиб қолади. Сўнгра рус уста механиклари ҳам ҳеч инглиз ҳамкасбларидан қолишмаслигига ишонган Николай I Тула шаҳрига бориб энг машҳур қуролсозларни чақиртиради.

Фото: «Брифли»

Уларга механик бургани кўрсатиб, шундай бир нарса яратишни буюрадики, оқибатда инглиз механиклари ҳам ҳайратга қолсин. Усталар орасида Чапақай лақабли қуролсоз ҳам бўлиб, у шу кичик бурганинг барча оёқларини тақалаб ташлаб, ҳаммани ҳайратга солади. Шундан сўнг Чапақай Император томонидан мукофотланади ва Англияга жўнатилади. Унга Европада қолиб ишлашни таклиф қилишса-да, у барибир уйига қайтиб келади.

Асар нашр этилгач, шу қадар шуҳрат қозонганки, ўшандан буён рус тилида «чапақай» сўзи турдош отга айланиб, ўз ишининг моҳир устаси бўлган оламларга нисбатан ишлатила бошланган. «Бургани тақалаш» ибораси эса техник жиҳатдан ниҳоятда мураккаб ишни амалга оширишни англатадиган бўлди. Умуман, асар ўша пайтлар чапақайларга бўлган салбий қарашларни ҳам юмшата борганди.

Бугунги кунга келиб чапақайлик илгариги пайтлардагидек таъқиб қилинмайди. Умуман олганда, чапақай болаларни ўнг қўлда ишлашга мослаштиришга уриниш болалар асаб тизими ва руҳиятига салбий таъсир ўтказади. Бу уларнинг тендошларидан ажралиб қолшига ҳам олиб келиши мумкин, шу сабабли, аксинча, болаларга чапақай бўлиш табиий ҳолатлигини тушунтириш лозим. Ҳозирда турли компаниялар ҳатто айнан чапақайлар учун маҳсулотлар ишлаб чиқариб, маркетинг компаниясини ҳам йўлга қўйган.

Фото: «Хваталкин»

Маҳсус қайчилар, сиёҳи тез қурийдиган ручкалар ва бошқа иш қуроллари ишлаб чиқарилиши чапақайлар ҳаётини ҳам анчайин осонлаштирган. Катта муваффақиятга эришаётган чапақай футболчилар, спортчилар эса бошқалар учун ҳақиқий илҳом манбайи бўлиб хизмат қилмода. Чап қўл ёки ўнгидан кўпроқ фойдаланиш ҳусусияти аслида унчалик аҳамиятли эмас, қайси томон устунлик қилсада, муҳими ҳар бир одам ўз мақсади йўлидан оғишмай ҳаракат қилишидир. Яна бир бора байрамингиз муборак!

Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Янгиликлар13:15 | 3.12.22
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Ўзбекистонда аниқланаётган коронавируснинг ВА.5 варианти болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай белгилар билан кузатилаётгани маълум қилинди
Янгиликлар12:33 | 3.12.22
Ўзбекистонда аниқланаётган коронавируснинг ВА.5 варианти болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай белгилар билан кузатилаётгани маълум қилинди