Янгиликлар - 16:28 · 13.08.2021

«Мозори Шариф—Кобул—Пешовар» темир йўл қурилиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди

«Мозори Шариф—Кобул—Пешовар» темир йўл қурилиши 2022 йилнинг сентябрь ойида бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, бу лойиҳанинг амалга оширилиши келгусида маҳсулотлар таннархини бир неча баробарга арзонлашишига ҳамда Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини янада яхшилашга имкон беради. Лойиҳа етакчи халқаро молия институтлари томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Таъкидланишича, лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши билан Покистондан Ўзбекистонга юкларни ташишга 35 кун эмас, балки 3–5 кун етарли бўлади. Жанубий Осиё билан Ўрта Осиёни боғлайдиган йўлнинг ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик томони бор. Агар шу йўл амалга оширилса, афғон халқининг иқтисоди ҳам кўтарилади. Шу билан бирга, Эрон, Покистон портларига йўл очилади. Бу йўллар орқали битта контейнер юки 3–4 баробар арзонлашса, уни етказишга кетадиган вақт 4–5 бараварга қисқаради.

Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида ўтказилган уч томонлама учрашувда темир йўл узунлиги 573 километр бўлиши, қурилиш лойиҳасига 4,8 миллиард доллар кредит жалб қилиниши маълум бўлган. Лойиҳани молияштириш учун 3 давлат раҳбарининг қўшма мурожаати асосида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг ва бошқа халқаро молия институтлари маблағларининг жалб этилиши кўриб чиқилган.

Аввалроқ Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида янги темир йўл қурилиши ва Президент «Российские железние дороги» компанияси бош директорини қабул қилгани хабар қилинган.

Bugun — LIVE